ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

ҲАЙИТ ТУҲФАСИ: Бўкада қатор муассасалар фойдаланишга топширилди

ҲАЙИТ ТУҲФАСИ: Бўкада қатор муассасалар фойдаланишга топширилди

Тошкент вилояти Бўка тумани марказидаги тиббиёт бирлашмаси капитал реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилиши бўкаликларнинг қувончига қувонч бағишлади. Бунинг учун давлат бюджети ҳисобидан 24 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Беморларни замонавий усулда самарали даволаш учун янги тиббиёт жиҳозлари, ускуналар олиб келинди. Тўлиқ таъмирдан чиқарилган тўрт қаватли бинода 20 ўринли хирургия, 75 ўринли туғруқ, 60 ўринли терапия ва 30 ўринли шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимлари мавжуд. Шифохонада даволанаётган беморлар учун барча шароит яратилди.

Туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг янги биноси ҳам фойдаланишга топширилди.

Туман марказига кўрк бўлиб тушган бино қурилиши 2019 йил июль ойида бошланган эди. Қисқа муддатда битказилган марказнинг янги биноси барча қулайликларга эга бўлиб, бу ерда мурожаат қилувчилар учун кутиш жойлари, тадбирлар ўтказиш заллари мавжуд.

photo_2020-05-23_16-46-55.jpg

Фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш учун мутахассислар зарур ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган.

Байрам арафасида “Катта равот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Катта равот барака чеварлари” корхонаси ҳам иш бошлади.

Умумий қиймати 700 миллион сўмдан иборат бўлган тикувчилик корхонасига замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди. Кенг ва ёруғ бинода ишчилар учун яратилган шароитни кўриб, ҳавасингиз келади.

Туман хотин-қизлари тайёрлаётган маҳсулотлар сифати ва дизайни билан ажралиб туради. Шу боис, чет давлатлар билан маҳсулот экспорти бўйича шартномалар тузилмоқда.

Корхонада 10 турдаги кийим-кечак ва тиббиёт ниқоблари тайёрлаш, маҳсулотларнинг 30 фоизини ички бозорга, қолган қисмини эса экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Корхона ишга туширилиши натижасида “Катта равот”, “Ўрта тепа”, “Равот” ва “Истиқлол” МФЙлари ҳудудида истиқомат қилувчи 300 хотин-қиз доимий иш билан таъминланди.

Бу каби бунёдкорлик ишлари Рамазон ҳайити арафасида бўкаликларга катта совға бўлди.

1 145
А.Мусаев. ЎзА