ЎзА Ўзбек

23.05.2020 Чоп этиш версияси

Ҳайит намози ўрнида хонадонларда нафл намози ўқилади

Ҳайит намози ўрнида хонадонларда нафл намози ўқилади

Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди бўлган Рамазон ойини ниҳоятда кўтаринки руҳда, кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда файзу футуҳ билан ўтказдилар. Бу ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришди. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ таоло ваъда қилган буюк мукофотни қабул қилиш куни — Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) арафасида турибмиз.

Рамазон ҳайити дунёдаги миллионлаб мусулмонлар қатори юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳам катта хурсандчилик билан ўтказадиган муборак айёмдир. Чунки ушбу кун тутган рўзаларимиз қабул этиладиган, Аллоҳнинг раҳмати ва фазли ер юзига мўл-кўл ёғиладиган, Аллоҳга қуллик ва итоатда қалбларимиз завқланадиган ажойиб вақтдир. Шу боис Исломнинг шиори бўлган икки байрамда, Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайитида хурсандчилигимизни, саховатимизни ва юксак одоб-ахлоқимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ изҳор қилишимиз керак.

Ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Бугун бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги тарқалган. Эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилди. Юртимиз ушбу офатдан ортиқча талафотларсиз чиқишга эришмоқда ва вазият барқарорлашгани сари карантин чоралари секин-аста юмшатилмоқда. Лекин, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида янги турдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21 май куни қабул қилинган “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ҳам бу йилги Рамазон ҳайитини карантин талабларига мувофиқ, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтказиш зарурлиги белгиланди.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Рамазон ҳайити намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намози адо этиш соқит бўлади.

Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Рамазон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини ҳаётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

“Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шароитида Рамазон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияни тақдим этади:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади. Вилоятимиз аҳолисига ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин яъни, қуёш чиққандан ярим соатдан сўнг 2020 йил 24 май соат 5:30 да ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади.

Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ҳайитини муборак қилсин! Бу кунни байрам қилиб, савобли амалларни бажаришни Яратганнинг ўзи насиб айласин!

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг
Самарқанд вилоятидаги вакили,
вилоят бош имом-хатиби

4 039
ЎзА