ЎзА Ўзбек

23.08.2018 17:02 Чоп этиш версияси

Ҳайит кунлари билдирилган тилак ижобат бўлади

Ҳайит кунлари билдирилган тилак ижобат бўлади
Қурбон ҳайити нишонланаётган шу кунларда Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги “Гулистонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Моҳигул Ҳожиевага қўшалоқ байрам бўлди. 

Кўмакка муҳтож бу аёл Қурбон ҳайитини мукаммал таъмирланган ўз уйида нишонлади. Кўплаб эзгу амаллар қилинаётган шу кунларда ёлғиз фарзанди билан яшаётган Моҳигул Ҳожиева ёрдам қўлини узатган инсонларга миннатдорлик билдиради.

Ёлғиз онанинг уйи анча йиллардан буён кўримсиз, таъмирталаб ҳолга келиб қолган эди. Уйда кўнгилдагидек яшаш учун шароитлар ҳам етарли эмасди. Моҳигул Ҳожиеванинг аҳволни ўнглашга қўли калталик қиларди. Хуллас, аёлга туман ҳокимлиги, маҳалла фуқаролар йиғини ва ҳомий ташкилотлар томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Уйнинг томи таъмирланди, хоналар пол қилинди. Замонавий материаллардан тайёрланган эшик ва деразалар ўрнатилди.

– Муҳтожлик ёмон, нималарнидир орзу ҳам қила олмай қоласан. Уйимни қачон таъмирлай олишимни билмасдим, – дейди М.Хожиева. – Яхшиликлари билан уйимизни, кўнгилимизни обод этганларнинг топганига барака берсин. Оилаларидан хотиржамлик аримасин. 

Эзгулик кўнгилларда умид уйғотади. Муборак кунларда Ғиждувон туманида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. “Чағдари” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Жабборов ва Ашуровлар оиласи кўрсатилган кўмакдан мамнун. Уларнинг фарзандлари Фаррухжон ва Дилафрўзнинг никоҳ тўйига маҳалла фаоллари ва ҳомийлар бош бўлди. 

Эркин Ёдгоров, ЎзА
4 397