ЎзА Ўзбек

31.08.2018 11:49 Чоп этиш версияси

Ҳаётимиз мазмуни киноларда акс этади

Ҳаётимиз мазмуни киноларда акс этади
Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Мустақиллик йилларида кўп эзгу орзу-умидларимиз рўёбга чиқди. Хусусан, адабиёт, санъат, маънавият соҳасидаги юксалиш таҳсинга сазовор.

Айтиш жоизки, истиқлол йилларида кино соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Режиссёрларимиз томонидан турли мавзуларда бадиий, ҳужжатли, қисқа метражли фильмлар суратга олиниб, халқаро кинофестивалларда иштирок этилди. Ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган “PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар илғор ташаббусларга йўл очмоқда.

2017 йил 3 августда Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашуви, айниқса, маданият ва маърифат, адабиёт ва санъат соҳасида янги ислоҳотлар даврини бошлаб берди. 

Бугун миллий кино санъати янгича руҳда жадал ривожланиш босқичида. Президентнинг 2017 йил 7 августдаги "Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим асос бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари раислигида 2017 йил 29 декабрь куни миллий кино санъати ва киноиндустрияни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилишни соҳа мутахассислари яхши эслайди.

– Ўтган қисқа давр мобайнида миллий кинематографиянинг ҳуқуқий базаси янгиланиб, замон талабига мослаштирилди, – дейди «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров. – Ҳозирда "Ўзбеккино" миллий агентлиги тасарруфидаги бино ва иншоотлар, павильон ва кинотеатрларни реконструкция, реставрация қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, миллий кино санъатимизни ривожлантириш учун етарлича имкон мавжуд. Киноларимиз сифатини ошириш мақсадида давлат буюртмаси асосида суратга олинадиган барча лойиҳалар Бадиий кенгаш муҳокамасидан ўтгандан кейингина молиялаштирилмоқда. Бу эса, ижод жараёнида объективлик ва шаффофликни таъминлашга ижобий таъсир кўрсатмоқда. "Ўзбеккино" миллий агентлиги бугунги кунда мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча киностудиялар билан ҳамкорлик қилиб келади.

...“Уч шаҳар" лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унга асосан халқ дипломатияси, этношаҳар ҳамда киношаҳарча қурилади. Демак, фиьмларни суратга олиш жараёни такомиллашиб, сифат ва мазмун яхшиланади. 

– Соҳа ривожи учун етарлича маблағ ажратилган, – дейди "Ўзбеккино" миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев. – Турли мавзуларда, ранг-баранг йўналишда, айниқса, тарихий киноасарлар яратиш учун иқтидорли мутахассисларни жалб қилаяпмиз. Халқимиз ардоқлаган буюк алломалар ва атоқли шахслар ҳақида бадиий фильмлар яратилмоқда. Тез орада бу фильмлар томошабинлар эътиборига ҳавола қилинади. Ҳиндистон ва Япония киноижодкорлари билан ҳамкорликда кинолар ишланмоқда. Бу кинолар хорижда ҳам намойиш этилади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 735