Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2018 20:17 Чоп этиш версияси

Ҳаётдаги зўравонликлар экрандаги зўравонликларданми?

Киносаноат инсоннинг турмуш тарзи ва фикрнинг шаклланишига катта таъсир кўрсатади. Киномагнатлар фильм яратар экан миллионлаб маблағ ишлаб олишни кўзлайдилар. Доҳолардан бири “Санъатлар ичида биз учун энг муҳими кино”, деган эди. Мана шу санъатдан бугун зўравонликларни тарғиб қилишда фойдаланишмоқда.

Биз коммуникация тизими тараққий этган замонда яшяпмиз. Деярли ҳар куни Интернетда, оммавий ахборот воситалари орқали дунёнинг у ёки бу мамлакатида катталар ва болалар томонидан содир этилаётган жиноятлардан хабардор бўлиб турибмиз. Ҳар куни жаҳонда турли қотиллик, зўравонлик, қонли тўқнашув, отишма, ўғирлик билан боғлиқ нохуш ҳодиса юз бериб туради. Мана шу каби кўнгилсиз воқеа-ҳодисларнинг пайдо бўлишида маълум маънода кинофильмларнинг ҳам таъсири бор. Шу ўринда, 1987 йилда экранларга чиқарилган «Капуцинлар хиёбонидаги киши» фильмини мисол сифатида келтириб ўтиш мукин.

Фильм қаҳрамони мистер Жонни Фёст АҚШнинг ёввойи Ғарбидаги шаҳарлардан бирида кинотеатр очиб, маст-аласт, уриш-жанжаллар билан шуғулланиб келувчи маҳаллий аҳолига эзгуликни тарғиб қилувчи фильмларни намойиш қила бошлайди. Шу тариқа кино одамларни тарбиялашга хизмат қилиши тарғиб қилинади. Ҳақиқатан ҳам мўъжиза юз бериб, жиноятчилик авж олган шаҳарда маънавий юксалиш бошланади. Безорилар янги ҳаёт бошлайди. Аммо бу жараён узоқ давом этмайди. Фёст бир неча кун шаҳарни тарк этади. Қайтганда шаҳар остин-устун бўлиб кетган эди. Мистер Сэконд исмли шахс шаҳарга жангарилик, даҳшатли кўринишлар акс этган фильмларни олиб келиб, намойиш қилаётган эди. Аҳоли бир зумда ортга қайтган – шаҳарда зўравонлик, маст-аласт юришлар, бошбошдоқлик юзага келган эди. Энди кино маънавиятни эмас босқинчиликни тарғиб қилаётганди. Фёст шаҳарни тарк этишга мажбур бўлади. 

Шу ўринда, агар таржима қилинмаган бўлса, ҳали ҳам кеч эмас, мана шу фильмни ўзбекчалаштириб, тез-тез телевидение орқали намойиш қилиб туриш керак, деган фикрни билдирмоқчиман.

2012 йилда Колорадо кинотеатрида юз берган отишма жангари фильмларнинг инсон руҳиятига салбий таъсири ҳақидаги баҳсларга мой сепгандек бўлди. Маълум бўлишича, ўшанда қотиллик содир этган Жеймс Холмс исмли шахс Бэтмен хақидаги фильмларни томоша қилганидан сўнг, ўзи ҳам фильм қаҳрамони сингари ҳаракат қилишни истаб қолган. Флоридадаги руҳий саломатлик марказларидан бирининг президенти, жангари фильмларнинг инсон руҳиятига таъсирини ўрганиб келаётган доктор Жей Ривнинг сўзларига қараганда, бу каби фильмлар одамларни зўравонликларга тарғиб қилар экан. “Бу каби фильмларни томоша қиладиган одамларнинг яширин нозик жиҳати бор. Мана шу пинҳона нозик жиҳат уларни фильм қаҳрамонларидек бўлишга ундайди”, дейди мутахассис.

2002 йилда Вашингтон яқинида бир ўсмир 10 кишини отиб ташлаган эди. Мазкур ишни текширган терговчиларнинг фикрича, ўсмир “Матрица” (The Matrix) илмий-фантастик триллерини томоша қилганидан сўнг, мана шу қотиллика қўл урган. “Зўравонликлар акс этган фильмлар, телекўрсатувлар, видеоўйинлар зўравонлик хавфини кучайтиради”, дейди Мичиган университетининг психология бўйича професссори Роуэлл Хьюсман. Шу ўринда 1981 йилда президент Рональд Рейганнинг ҳаётига суюқасд қилганликда айбдор, деб топилган Жон Хинкли “Таксист” (Taxi Driver) фильмидаги қаҳрамонга ўхшамоқчи бўлгани айтилади. 1999 йилда Колорадодаги мактаблардан бирида юз берган оммавий қотилликни ўрганган терговчиларнинг айтишича, ўз мактабдошларига ўқ отган ўсмирлардан бири кундаликларида “Қотил бўлиб туғилганлар” (Natural Born Killers) фильми ҳақида ёзиб қолдирган. Қурбонлар ҳамда жабрдийдаларнинг ота-оналари эса отишмани уюштирган ҳар икки қотилга “Баскетболчининг кундалиги” (The Basketball Diaries) фильми таъсир ўтказган бўлиши мумкинлигини айтишади.

Даҳшатли фильмлар инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Кино одамларни ўзгартириб юборади: ё бор қилади, ё йўқ. Мутахасссилар бир гуруҳ одамлар иштирокида эксперимент ўтказди. Уларга ҳужжатли, мелодрамма ва жангари фильмлар кўрсатилди. Шундан сўнг улардан анализ учун қон олинди. Мелодрама ва ҳужжатли фильмлардан сўнг одамлар қонида ўзгариш бўлмаган. Жангари фильм томошасидан к
ейин қондаги антител миқдори ошиб кетган. Психологларнинг айтишича, даҳшат фильмларни томоша қилувчилар тажавузкор бўлар экан. Мана шуларни инобатга олган Хитой хукумати бир қатор даҳшатли фильмлар намойишини тўхтатиб қўйди. Техас университетида ўтказилган тадқиқот натижаларига қараганда, даҳшатли фильмлар инсон асаби учун тренинг вазифасини бажарар экан. Минг афсуски, сўнгги йилларда қўрқинчли фильмлар ишқибозлари ортиб бормоқда.

Кино кўчма маънода ҳам, тўғри маънода ҳам ҳаёт демакдир. Кино инсонга ҳам салбий, ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Олимларнинг фикрича, фильмлар одамларга ўз муаммоларини бир зум бўлса-да унитишга хизмат қилиб, кайфиятини кўтаради. Бунинг учун фильм қайси жанрда бўлишининг фарқи йўқ.

Тўғри, экрандаги зўравонликларни ҳар ким ўзича тушунади. Лекин ҳаммани ҳам ўзингизга ўхшатишингиз керак эмас. Фильмда акс этган ҳодисаларни Сиз тўғри маънода қабул қилсангиз, бошқа биров бу зўравонликларни нотўғри талқин қилиши мумкин. Энг хавфлиси ҳам мана шунда. Бостондаги Шимолий-Шарқий университет профессори, криминолог Жеймс Фокс “Кўпчилик ҳаётий реаллик билан фантазия ўртасидаги фарқни ажрата олмайди” деган фикрни айтади.

Одамлар руҳиятини яхши ўрганган, ўзларини Ислом давлати, деб атайдиган террор ташкилоти Ироқнинг Мосул шаҳрида фақат зўравонликлар акс этган фильмлар намойиш этиладиган кинотеатр очди. Шавқатсиз фильмлар намойиш этиш орқали террорчилар ўз сафларига янгидан янги каллакесарларни жалб қилишга уринмоқда. Бу каби фильмларни томоша қилган ёшлар итоаткор бўлиб қолар экан. Руҳшуносларнинг фикрича, фильмлар томошасидан кейин инсон руҳиятидаги инстинкт уйғониши мумкин. Фильмлардаги зўравонликлар, айниқса, болалар ва ўсмирлар руҳиятига таъсир кўрсатади.

Вазиятни ўрганган мутахассисларнинг фикрича, имкон қадар жиноят ва жазо рукнидаги кўрсатувларни ҳам камайтириш керак. Бу каби кўрсатувларда даҳшатли жиноятлар ҳақида маълумот берилар экан, журналист катта иш қилганидан фахрланиши мумкин. Аммо бу каби маълумотлар кўп ҳолларда кўпчилик учун ўқув қўлланмаси бўлиб қолаётганидан ҳам кўз юмиш керак эмас. Ўтган асрнинг 80 йилларида АҚШда маҳбуслар ўртасида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига қараганда, жиноятчиларнинг 63 фоизи телеқаҳрамонлардан ўрнак олиб, жиноят содир этганликларини таъкидлашган бўлса, 22 фоизи фильмлардаги жиноят технологиясидан фойдаланганини айтишган.

Шу ўринда болаларга мўлжалланган мультфильмлардан ҳам эҳтиёт бўлиш лозимлиги айтилади. Масалан, 1942 йилда илк бор экранга чиқарилган “Том ва Жерри”га нисбатан ўз вақтида “картондаги зўравонлик” ибораси ишлатилган эди. Бу мультфильм болалардан кўра кўпроқ катталарга мўлжалланган дегувчилар ҳам бор. Хорижий мультфильмларда тажовузкор ва беҳаё саҳналар борлигидан асло кўз юмиш керак эмас. Бу каби мультфильмларни болаларга асло кўрсатиб бўлмайди. Зўравонликлар акс этган мультфильмларни томоша қилиб катта бўлган болалардан нималарни кутиш мумкин?

Экрандаги зўравонлик ҳаётдаги зўравонликларни келтириб чиқаради, демоқда психиатр ва психологлар. Уларнинг гапларида жон бор. Кимдир кинони худди адабиёт ва мусиқа сингари санъат асари сифатида қабул қилса, бошқа биров зўравонлик тарғиботчиси сифатида қабул қилади. Ҳақиқатан ҳам замонавий телевидение ва кинематография катта кучга айланди. Кино дунёқарашнинг шаклланишига хизмат қилади. Шу билан бирга катта муаммо ҳам борки, у ҳам бўлса, фильмда акс этган воқеа-ҳодисаларни қандай қабул қилинишидадир. Шу сабабли сўнгги вақтларда кенг жамоатчилик оммавий ахборот воситаларининг, биринчи навбатда, телевидение ва кинофильмларнинг болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида бонг урмоқда. Маълум бўлишича, бугунги кунда, телевизор болалар учун асосий ахборот манбаи бўлиб қолган. Масалан, Россияда болалар бир кунда ўртача 3-5 соат, Польша 2-4 соат телевизор қаршисида ўтирса, АҚШда эса болалар ўзларининг вақтларини дарсдан кўра кўпроқ телевизорга сарфлашар экан. Швецияда ўқувчилар 10 йиллик ўқиш давомида 18 минг соатни телевизор қаршисида ўтказиши маълум қилинди. Ўтказилган тадқиқотларда қатнашган болалар телевизордан ота-оналари, дўстлари ёки ўқитувчиларидан кўра кўпроқ маълумот олишларини айтишади.
Америка тиббиёт ассоциацияси маълумотларига қараганда, ўқувчи мактаб даврида телевизор орқали ўртача 8 мингта қотиллик ва 100 минг зўравонликларни томоша қилар экан. Тадқиқотчилар телевидение ахлоқсизликни тарғиб қилишини ҳам тан олишади.

Шу ўринда айрим сериалларда эрнинг хотинга, хотиннинг эрга қилган хиёнатларини намойиш қилиш назарда тутилади. Социологик тадқиқотлардан маълум бўлишича, ёшларнинг 58 фоизи фильм қаҳрамонларининг ҳатти-ҳаракатларини такрорлашга уринишади.

Айрим телекомпаниялар ахлоқ меъёрларига риоя қилмаган ҳолда, чегарадан чиқиб кетмоқда. Масалан, АҚШда 1998 йилнинг 1 май куни эрта тонгда бир қатор телекомпаниялар болаларга мўлжалланган кўрсатувларини узиб қўйиб, Лос Анжелесдаги кўчада ўз жонига қасд қилган эркакни кўрсата бошлади. Ўшанда болалар қўлда қурол билан кўчада ўткинчиларга таҳдид қилган ҳолда чопиб юрган ва охир-оқибат ўз миясига ўқ отиб, кўчани қип-қизил қонга бўяган эркакни томоша қилишга мажбур бўлган эди. Тўғри, кейинчалик телекомпаниялар ота-оналардан кечирим сўради. Аммо ғишт қолипдан кўчган эди. Бироқ ҳозирга келиб бир қатор хорижий мамлакатларда бу каби кўринишлар одатий ҳолга айланиб улгурди. Бугунги кунда АҚШ мактаблари, таълим муассасаларида ўқувчи ёки талаба томонидан содир этилаётган отишма ва қотилликлар одатий ҳолга айланиб бораётгандек. Илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, телевидениенинг салбий таъсири натижасида жиноятчилик авж олмоқда. Олимларнинг айтишича, ҳар қандай мамлакатда бугун кўрсатилган зўравонлик ҳолати 10-15 йил ўтиб ўз таъсирини кўрсатар экан. Бу борада Жанубий Африка ва Канадада ўтказилган тадқиқотлар мисол сифатида келтирилади.

Бугунги кунда Интернет ҳам болалар учун хавфли бўлиб бормоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Интернет ва компьютер ўйинлари болаларнинг кўнгилхушлик маскани бўлиб қолди. Виртуаль дунё билан ошно бўлган болалар ўз жонларига қасд қилишдан қайтмаслиги борасида катталар огоҳлантирилмоқда. Интернетга мубтало бўлган бола монитор олдидаги вақтини назорат қила олмай қолади. Қотилликлар, қон тўкилишлари, шаҳвоний кўринишлар акс этган ўйинлар билан машғул бўлган болалар соғлиғи ва ҳаётини гаровга тикиб, ҳаётда ҳам шундай қилишга интилади.

Жамият болаларни ўйинлар гирдобидан олиб чиқмоқчи бўлса, у ҳолда ота-оналар, ўқитувчилар, маҳалла-куй, умуман олганда кенг жамоатчилик оёққа туриши керак. Бунинг учун мутахассислар “катталар болалар учун вақт ажратиб, уларнинг нималар билан шуғулланаётганини назорат қилишлари лозим” деган фикрларни айтишади. Давлат зўравонликлар акс этган фильмларни тақиқлаётган бўлишига қарамай, ота-оналар фарзандларига вақт ажратмас экан, у ҳолда кўрилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермайди. Ота-оналар ўзлари намуна кўрсатган ҳолда эзгу ишларни қилишлари керак. Болалар бизнинг келажагимиз. Агар ўз вақтида ахлоқсизлик, зўравонликларни тарғиб қилувчи фильм, кўрсатувлар тўхтатилмас экан, у ҳолда болаларнинг порлоқ келажагига раҳна солиниши мумкин.

Шарофиддин Тўлаганов

5 668