ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Ҳаёт мазмунига айланган соҳа

Ҳаёт мазмунига айланган соҳа

Ҳарбий либосда мағрур, доим сергак ва огоҳ юрган Ватанимизнинг чин маънодаги ҳимоячиларига болалар, ёшлар, ота-оналар, нуронийлар расмана ҳавас, миннатдорлик, ишонч билан қарайди. Негаки, жонажон Ўзбекистонимиз, хонадонларимизнинг тинч ва осойишталиги, ҳаётимизнинг осудалиги, бошимиз узра осмоннинг мусаффо экани ҳар жиҳатдан фидойи ҳарбийларимиз, Ватан посбонларига боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллигига бағишлаб ўтказилган маданий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз борди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ташкил этилган тадбирга ҳарбийлар, маънавият тарғиботчилари, санъат усталари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Омонбек Ўтаёров, Ўзбекистон халқ артистлари Муножат Йўлчиева, Меҳри Бекжонова ва бошқалар мамлакатимизда ҳарбий соҳани тубдан ислоҳ этиш, Қуролли Кучлар сафида фаолият кўрсатаётган ходимларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда соҳа равнақига кўрсатилаётган улкан эътибор натижасида миллий армия сафида хизмат қилиш ёшлар учун чин маънода шараф, фахр ва ифтихор рамзига, ҳаётнинг маъно-мазмунига айланди.

– Бу соҳага болаликдан жуда қизиқаман, – деди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси курсанти Асилбек Ҳошимбоев. – Ҳар бир инсоннинг Ватанга бўлган муҳаббати уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаши, ҳимоялай олиши билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Ватанга, ҳамюртларимизнинг осудалигига посбон бўлиш шарафли ва масъулиятли бурч саналади. Шу эзгу мақсадга ҳисса қўшиш қалбимга чексиз фахр туйғуларини бағишлайди.

Тадбирда саҳна асарларидан лавҳалар, монологлар ижро этилди. Санъат усталари иштирокидаги концерт кечага янада файз бағишлади.

881
Назокат УСМОНОВА, ЎзА