Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.01.2017 16:06 Чоп этиш версияси

Ҳаёт мактаби

Бугун йигитларимиз Қуролли Кучларимиз сафида замонавий шароитда хизмат вазифасини ўташ билан бирга, жисмоний тобланиб, интеллектуал салоҳияти юксалмоқда. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар олий ўқув юртларига ўқишга кириш, ишга жойлашишда имтиёзларга эга бўлмоқда.

Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.

Қуролли Кучларимиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасига эга бўлган фуқаролар мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тўплаш мумкин бўлган максимал баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча баллга эга бўлаётир.

Агар абитуриент ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси асосида имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча балларни ҳисобга олган ҳолда танловдан ўта олмаган тақдирда, мамлакатимизнинг бошқа олий ўқув юртига қабул қилиш тўғрисида ариза топшириши мумкин. Бунда абитуриент танлаган бошқа олий ўқув юртига қабул қилиш тасдиқланган умумий қабул квотаси доирасида, имтиёзлар бўйича белгиланган қўшимча баллни ҳисобга олган ҳолда, фанлар бўйича топширилган тест синовлари фанлар тўплами (блоки) ва абитуриент томонидан тўпланган балларга мувофиқ, Таълим йўналишлари бўйича давлат комиссиясининг қарорига биноан амалга оширилади. Бундай аризалар тест синовлари тугагандан кейин 10 кун мобайнида Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқароларга берилаётган бундай имтиёзлар ҳарбий хизмат нуфузини янада юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Ўтган йилларда юзлаб ёшларимиз ана шу имкониятдан фойдаланиб, ўзи танлаган соҳа бўйича олий ўқув юртларида таҳсил олиш имконига эга бўлди. Бу имтиёз билан талабаликка эришган ёшлар ўқишда ҳам, жамоат ишларида ҳам тенгдошларига ўрнак бўлмоқда.

Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Беҳруз Иброҳимов муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаб, олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга кириш ҳуқуқини берадиган тавсиянома асосида Тошкент давлат шарқшунослик институти талабаси бўлди. Ўқиш давомида тенгдошларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлаётган бу талаба танлаган соҳаси бўйича билим ва малакасини бойитишга ҳаракат қилмоқда.

– Маҳалламиздаги йигитларнинг ҳарбий хизматга отланганини эшитсам, тезроқ катта бўлишни истардим, – дейди Б.Иброҳимов. – Улар билан суҳбатлашиб Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилишга билимли, юксак салоҳиятли ва ҳар томонлама чиниққан ёшлар эриша олишини англадим. Қизиқиш, ҳавас, қатъий ишонч ўз устимда мунтазам ишлаш, синов жараёнларига пухта ҳозирлик кўришга ундади. Бу саъй-ҳаракатларим бесамар кетмади, муддатли ҳарбий хизматга отландим. Барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, Ватан ҳимоячилари сафидан жой олдим. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ давомида ҳар бир йигит Ватани, халқи, оиласини чин дилдан севишни ўрганади, тинчлик аталмиш буюк неъматнинг нақадар қадрли эканини чуқур ҳис этади. Ҳарбий хизматчиларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилган. Бу билимимизнинг янада бойиши, дунёқарашимизнинг кенгайиши, соҳа сирларини пухта ўрганишимизда муҳим аҳамият касб этди.

Давлатимиз томонидан ёшларнинг бундай қўллаб-қувватланаётгани, берилаётган имтиёз ва рағбат уларни фаолликка, изланишга ундамоқда.

Нурилло Насриев, ЎзА
1 981






Все о погоде - Pogoda.uz