ЎзА Ўзбек

10.07.2018 18:58 Чоп этиш версияси

Аёлларимиз ихтиролари халқаро эътирофга сазовор бўлди

Профессор Карима Норқулованинг “Болғачали тегирмон” номли модели озиқ-овқат саноати йўналиши бўйича “Grand Prize”ни қўлга киритди.

Жорий йил 28 июнь – 3 июль кунлари Жанубий Кореяда "Корея халқаро ихтирочи аёллар кўргазмаси – KIWIE-2018" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Халқаро кўргазма ҳар йили аёлларнинг фан ва технология соҳасида эришаётган ютуқлари, тажрибалари ва ихтироларини намойиш этиш ҳамда рағбатлантириш мақсадида ўтказилиб келинади.

Бу йилги кўргазмада 30 дан зиёд давлатдан 520 га яқин ихтирочи хотин-қизлар техника, технология, тиббиёт, озиқ-овқат, енгил саноат, кимё ва саноатнинг турли йўналишларидаги ютуқлари, инновацион ишланмалари билан қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар кўмитаси ташаббуси ва кўмаги билан мамлакатимизнинг олима аёллари бу кўргазмада илк бор иштирок этди ва уларнинг илм-фандаги ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилди.

Профессор Карима Норқулованинг “Болғачали тегирмон” номли модели озиқ-овқат саноати йўналиши бўйича “Grand Prize”ни қўлга киритди. Шунингдек, олиманинг “Қуритиш қурилмаси” ва “Тугунакларни қуритиш усули” ихтироси кумуш медалга муносиб топилди.

Яна бир тадқиқотчимиз – доктор PhD Малоҳат Илҳомованинг “Болалар пойабзали учун профилактик ич патак” модели, “Электр ўтказувчан пойабзал” ихтироси учун кумуш, “Қиз болалар учун туфли” саноат намунаси учун бронза медали тақдим этилди.

Профессор Парахат Матяқубованинг “Сочилувчан моддаларнинг иссиқлик-нам ўлчагичи” ихтироси эса кумуш медалга сазовор бўлди.

Назокат Усмонова, ЎзА
6 514