ЎзА Ўзбек

20.07.2018 19:13 Чоп этиш версияси

Аёллар учун яна бир имконият

“Bazis Medic” нодавлат таълим муассасаси тўғридан-тўғри мурожаат қилувчилардан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг тавсияномасига кўра эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ва имконияти чекланган хотин-қизларни ҳам ўқитади.

Юртимизда хотин-қизларни касбга йўналтириш, фойдали меҳнатга жалб этиш баробарида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қулай шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишлар кўлами кенгайишида муҳим дастуриламал бўлаётир.

Пойтахтимиздаги “Bazis Medic” нодавлат таълим муассасасида уй бекалари, вақтинчалик ишсиз бўлган хотин-қизлар учун ташкил этилган семинар ҳам айни мақсадни кўзда тутади.

Семинар давомида ўқув маркази фаолияти, косметологияга қизиқиши бўлган аёлларни ўқитиш юзасидан маълумотлар берилди.

Эстетик тиббиёт ва косметология мактабига эга ушбу нодавлат таълим муассасасида хотин-қизлар бошланғич косметология, косметологияда кичик ҳамшира, мезотерапия, ботокс, филлер, мезоиплар ва 3D иплар билан ишлаш, киприк ўстириш, татуаж, маникюр-педикюр, маркетинг маслаҳат каби йўналишларда сабоқ олиши мумкин. Соҳага қизиққан хотин-қизлар қисқа муддатда косметология сирларини ўрганиш имкониятга эга бўлади. Уларга келгусида ишлаши учун иш ўрни ҳам тавсия этилади.

Марказ тўғридан-тўғри мурожаат қилувчилардан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг тавсияномасига кўра эҳтиёжманд оилалар фарзандлари ва имконияти чекланган хотин-қизларни ҳам ўқитади. Уларга касб ўргатишдан ташқари, таълим тугаганидан кейин иш билан таъминлашни ўз зиммасига олади.

Б.Мелиқулова, ЎзА
6 581