ЎзА Ўзбек

10.09.2018 18:32 Чоп этиш версияси

Аёллар учун “Ишонч телефон”лари ишга тушди

Аёллар учун “Ишонч телефон”лари ишга тушди
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси зўравонлик қурбони бўлган аёллар учун “Ишонч телефон”ларини ишга туширди.

Аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳар қандай жамият учун инсон ҳуқуқини поймол қилиш билан боғлиқ бўлган жуда жиддий муаммо саналади. 

Одатда бизда аёллар бундай ҳолатга дуч келган тақдирда, ҳатто яқинларига ҳам айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси “1146” – ягона телефон рақамларини ишга туширди. 

«Ишонч телефон»лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларимизга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак бериш мақсадида ташкил этилган. Бунда аёлнинг хоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланади. 

Зарур ҳолларда, жабрдийда аёллар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган Ижтимоий мослашув марказларига (шелтерларга) жойлаштирилади. Айтиш жоизки, бошланғич босқичда "Ишонч телефонлари" тест режимида ишлайди.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан. Бу бутун жаҳонда мавжуд бўлган ўта долзарб муаммолигини исботловчи статистик маълумотлардир.

Хотин-қизлар қўмитаси 
матбуот хизмати

ЎзА
3 637