Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2017 17:53 Чоп этиш версияси

Аёллар қадр топган юртда яшаш – бахт

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг нафақат кундалик турмушда, жамиятимизда ҳам мавқеи, нуфузи ошиб бораётир. Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ЎзА мухбирлари уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлди.

Муҳаббат Шарапова, Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони:

– Аёлга қачон байрам татийди, қачон унинг юзидан табассум аримайди? Қачонки, юрти тинч, фарзандлари саломат, оиласида барокат, кўнгли хотиржам бўлса. Биз ўзбек аёллари ана шу неъматларнинг барчасига эгамиз.

Чидамлилик, сабр-қаноат аёл табиатига хос. Халқимиз аёллари камситилган, оналари зор қақшаган, қизлари шаъни топталган даврларни ҳам бошидан кечирган. Шукрки, мустақиллик туфайли ўша оғир кунлар унут бўлди. Хотин-қизларнинг мавқеи юксалди, улар эъзозланди, қадр топди.

Ўтган йили Биринчи Президентимиз Ислом Каримов фармонига биноан Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвони билан тақдирландим. Бундай эъзоз ва эҳтиромдан бошим осмонга етди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 29 декабрдаги "2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мактабгача таълим тизими моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш, фарзандларимизни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш каби долзарб масалаларни ҳал этишда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Гулбаҳор Ахимбетова, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали ўқитувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори:

– Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, қобилиятини рўёбга чиқариш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан мақтанса арзигулик.

2005 йили 17 ёшимда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Мамлакатимиз мустақиллигининг 24 йиллик байрами олдидан “Дўстлик” ордени билан тақдирландим.

Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби қурилиш участкасида бўлиб, ўқув жараёни сифатини ташкил этиш ва юқори даражада амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Мактаб базасида кичик босмахона ташкил этиб, турли адабиётларни таржима қилиб, чоп этиш лозимлигини таъкидлади. Мен ҳам келажакда ўзбек ва қорақалпоқ санъатини дунёга танитадиган етук мутахассислар тарбиялашга ўз ҳиссамни қўшишни ният қилганман.

Ёшларнинг илм-фан билан шуғулланиши, ижодий салоҳиятини намоён қилиши учун яратиб берилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, Франция, Испания, Португалия ва Малайзия давлатларида бўлиб ўтган халқаро маданият фестивалларида иштирок этдим. Чиқишларим хорижлик мутахассислар томонидан эътироф этилганида ўзимни дунёдаги энг бахтиёр қиз сифатида ҳис этдим.

Бугунги кунда талабаларга санъат журналистикаси ва журналистика асослари, телевидение ва радио журналистикаси, халқаро муносабатлар, жаҳон, ўзбек ва қорақалпоқ адабиёти бўйича янги педагогик технологиялар асосида машғулотлар олиб бормоқдаман.

Шамсия Ниёзова, Ромитон туманидаги 41-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори, халқ маорифи аълочиси:

– Аёл учун тинч ва фаровон юртда яшашдан, оила ва жамият эъзозида бўлишу соғлом фарзандларни камолга етказишдан ортиқ саодат йўқ.

Шу маънода мен ўзимни энг бахтли аёл, деб ҳисоблайман. 32 йилдан буён педагог сифатида фаолият юритаман. Мактабимиз биология ва тарих фанларига ихтисослаштирилган бўлиб, бу ерда таҳсил олган ўқувчилар бугун жамиятимизнинг турли жабҳаларида юрт тараққиёти, эл фаровонлигига ҳисса қўшмоқда.

Президентимизнинг биз, аёлларни табриклаб, келгусидаги ишларимизга зафарлар тилаганида шу юрт, шу замин фарзанди эканимдан яна бир марта фахрландим.

Бугун чин маънода педагоглар меҳнати эъзоз топди. Ёшларга фан сирларини чуқур ўргатиш учун барча қулайлик яратилаётгани бизни янада фаол, катта куч-ғайрат билан ишлашга ундамоқда. Мактабимизда ўқувчиларнинг чуқур билим олиши учун барча шароит мавжуд. Кенг ва ёруғ синфхоналар замонавий жиҳозланган, зарур кўргазмали қуроллар билан таъминланган. Яқинда 240 ўринли янги мактаб биноси қурилиши бошланди.

Дилором Абдуллаева, Сариосиё тумани тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлими мудири:

– Она соғлом бўлса, бола ҳар жиҳатдан соғлом дунёга келади. Бугунги кунда аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бирга, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом фарзанд дунёга келишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Туманимиздаги Шарғун шифохонасида қўшимча 25 ўринли хирургия, 20 ўринли болалар, 10 ўринли неврология бўлимлари ташкил этилди. 20 йилдан буён шу соҳада фаолият юритаётганимдан фахрланаман, эл саломатлигига камарбаста бўлиб, оилаларга қувонч бахш этиб, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда ҳиссам борлигидан мамнунман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирларига эътибор қаратилиб, 78 туман тиббиёт бирлашмасини, 7 шаҳар ва 2 вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини қайта қуриш, тез тиббий ёрдам хизматини 1200 махсус автотранспорт билан таъминлаш режалаштирилган. Бу мамлакатимизда аёллар соғлигини асраш, соғлом авлодни тарбиялаш йўлидаги эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди.

Марҳабо Йўлдошева, «Навоийазот» акциядорлик жамияти хотин-қизлар қўмитаси раиси:

– Собиқ тузум давридаги аёлларнинг турмуши билан ҳозирги аёллар ҳаёти ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Бугунги кунимизга минг шукр қилсак арзийди. Хотин-қизлар давлатимиз томонидан иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Назаримда, аёлларнинг бахту камоли, истиқболини кўзлаган ва буни олий мақсад, деб билган мамлакат дунёда камдан-кам топилади. Ана шундай жаннатмонанд юртда яшаётганимдан беҳад фахрланаман.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг байрам табригидаги самимий дил сўзлари барча аёлларимиз кўнглини тоғдай кўтарди, янги-янги марраларни забт этишга ундамоқда.

Корхонамизда кўплаб хотин-қиз меҳнат қилади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, яхши дам олиши, лаёқатли меҳнат қилиши, иш ҳақлари ўз вақтида тўланишига алоҳида эътибор қаратилади. Бошланғич ташкилотимиз қошидаги “Иқтидорли қизлар” клуби, “Ораста қизлар”, «Энг жамоатчи ва фаол аёл», «Ишчан хоним» тўгараклари фаолияти хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.

Малика Қодирхонова, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси:

– Бўлимимиз ўз атрофига уч минг аёлни бирлаштирган. Улар ҳар хил йўналишларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, оилаларига қўшимча даромад келтирмоқда. Бўлимимиз томонидан оилавий бизнесни ташкил этиш, тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тадбиркорлик борасидаги билим ва малакасини ошириш, мазкур йўналишда иш бошлаш арафасида турган опа-сингилларимизга бизнесни ташкил этиш, ҳужжат юритиш, солиқ имтиёзлари, кредит олиш ва бошқа масалалар юзасидан мутахассислар кўмагида зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.

Ўтган йили вилоятдаги касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этишга қаратилган лойиҳаларимиз асосида 25 миллион сўмлик грантни ютишга муваффақ бўлдик. Мазкур грант лойиҳаси асосида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, бу соҳага эндигина қадам қўйган ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиш мақсадида "Бизнесни ташкил этиш ва юритиш" қўлланмасини чоп эттирдик.

Жорий йилда Халқ банкининг вилоят филиали ҳамкорлигида амалга оширилган "Фаровон ҳаёт қўлимизда" лойиҳамиз бўйича аёлларимиздан 14 нафари 1 миллиард 437 миллион сўмлик имтиёзли кредит сертификатига эга бўлди. Уюшмага аъзо бўлган тадбиркор аёллар учун “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан 1 миллиарддан ошиқ имтиёзли кредит берилиши режалаштирилган.

Раъно Фозилова, Чиноз туманидаги 40-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, «Дўстлик» ордени соҳибаси:

– Мен шундай жаннатмонанд юртнинг бахтли аёлларидан бириман. Қирқ йилдан ошиқ педагоглик фаолиятим мобайнида шогирдларим турли жабҳаларда меҳнат қилаётганидан, уларнинг ютуқларини кўраётганимдан бошим кўкка етмоқда. Ўқитувчиликда эришаётган ютуқларимни танловларда намойиш этишга, методик қўлланмалар яратишда фаол қатнашишга уриндим. Она юртимга бўлган меҳримни шеърий ифодалашга ҳаракат қилдим.

Айни кунда «Ёш мухбирлар», «Истиқлол ғунчалари» тўгаракларини бошқараман.

2004 йили Ватанимизнинг «Дўстлик» ордени, 2016 йил «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» юксак унвонига мушарраф бўлганимдан давлатимиз, халқимиз олдида ҳамиша таъзимдаман.

Нигора Абдураҳимова, Чилонзор тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси:

– Туманимиз аҳолисининг турмуш тарзини янада яхшилаш, айниқса, хотин-қизлар фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, оилавий бизнес, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Аёллари эъзоз топган юртнинг келажаги буюкдир. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз аёлларини табриклаганидан бошимиз осмонга етди.

Ойгул Давлетжонова, Урганч туманидаги 38-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси:

– Ўттиз йилдан буён бошланғич синф ўқувчиларига дарс бераман. Мактабимизда ўқитувчиларнинг ҳар бири ёш авлодга пухта билим беришга астойдил ҳаракат қилиб, машғулотларни ахборот-коммуникация технологиялари асосида ўтказишга интилмоқда.

Ўтган йили “Бошланғич синфларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг аҳамияти” мавзусидаги лойиҳам билан мамлакат бошланғич таълим ўқитувчиларининг форумида иштирок этдим.

2013 йили Ватанимизнинг “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг табриги барча аёлларни, жумладан, мактабимизда ишлаётган ўқитувчи-аёлларни руҳлантириб, янгидан-янги марраларни эгаллашга ундамоқда.

Азима Қиёсова, Моҳигул Қосимова, Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
3 489






Все о погоде - Pogoda.uz