ЎзА Ўзбек

08.11.2018 20:17 Чоп этиш версияси

Аёл зотига қанча таъриф берсак шунча оз, аммо...

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Тошкент кимё-технологиялари институтида “Хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишда партиясининг ўрни” мавзуида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Азалдан аёл гўзаллик, садоқат ва меҳр-муҳаббат рамзи сифатида эъзозланиб келинган. Аёл — меҳрибон она, садоқатли умр йўлдош, меҳр-оқибатли дўст, келажагимиз тарбиячиси ва фидойиси. Бежиз она Ватан, она табиат, она тили, она тупроқ, дея унинг муқаддас ва муҳтарамлигига алоҳида урғу берилмайди.

Демак, аёл зотига қанча таъриф берсак шунча оз. Аммо кейинги пайтларда айнан аёллар томонидан содир этилаётган жиноятлар, жумладан, ўғирлик, товламачилик ёки гиёҳвандлик иллати билан қўлга тушиш, ўзаро оилавий жанжаллар сабаб аёл қотилликка қўл ургани ёхуд хорижда фоҳишабозлик билан шуғулланаётган ўзбек аёллари, умуман, хотин-қизлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликнинг кўпайиши ачинарли ҳол.

Ҳатто арзимаган пул эвазига ўз фарзандини сотишга уринган аёллар ҳақидаги маълумотларни ҳам оддий бир воқеа сифатида қабул қилишга ўрганиб боряпмиз. Давлатимиз раҳбари ҳам бу борада ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги аҳвол кишини ташвишга солишини, умумий жиноятларнинг ҳар олтитадан биттаси хотин-қизларга тўғри келишини афсус билан қайд этган эди.

Афсуски, аёлларимиз, ёшларимиз орасида бугунги дориломон кунлар қадрига етмай билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолаётган, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этаётганлар борлиги ачинарли ҳолатдир. Тадбирда сўзга чиққанлар юқоридаги муаммолар келиб чиқишида оилалар ўртасида ажралишларнинг кўплиги ҳам асосий сабаб эканлигини таъкидлашди.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими мудиралари бу борадаги саъй-ҳаракатларни қайтадан танқидий кўриб чиқиб, амалий ишларни кўпайтириш, ажралиш остонасида турган ёш оила вакиллари билан алоҳида-алоҳида юзма-юз учрашиб, муаммоларини ўрганиш лозимлиги тўғрисида таклиф беришди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олди.



Муҳайё Тошқораева, ЎзА
1 234