ЎзА Ўзбек

19.02.2018 13:12 Чоп этиш версияси

Аёл – жамият таянчи

Андижон давлат тиббиёт институтида “Соғлом оила – соғлом жамият негизи” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга бағишланган тадбирда профессор-ўқитувчилар, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари етакчилари, талаба-қизлар иштирок этди.

Мазкур фармон юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин ифодаси, уларнинг оғирини енгил қилиш, турмуш фаровонлигини яхшилаш каби йўналишларда енгиллик ва қулайликлар яратиб берувчи муҳим ҳужжат экани таъкидланди.

– Фармон ижросини таъминлаш хотин-қизлар қўмиталари, хусусан, унинг бошланғич ташкилотлари зиммасига катта масъулият юклайди, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Моҳигул Жўраева. – Энди ишлаш, ишлаганда ҳам опа-сингилларимиз муаммоларини бартараф этиш, уларнинг турмушини енгиллатиш йўлида фидойилик билан ишлаш талаб этилади. Жумладан, фармонда етакчиларга хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш, шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш ишларига шахсан жавобгарлик белгилаб қўйилди.

Хотин-қизлар қўмиталари фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳар бир оила, айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар билан индивидуал иш олиб бориш, оила институтини мустаҳкамлаш, бу борада мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан фармонда белгиланган муҳим вазифалар хусусида маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан фармон доирасидаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
8 437