Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 17:27 Чоп этиш версияси

Аёл нега жиноятга қўл урди?

Ҳаёт пайдо бўлгандан буён аёл зотига ўзгача эҳтиром кўрсатиб келинади. Улар даврнинг ҳар қандай чиғириқларида ҳам доимо бу ҳурматга муносиб эканини теран ақл ва ҳаётий ақидалари билан барчага англатиб келган. Бу тамойил асрлар давомида сайқал топса топдики, асло сўнган эмас.

Аммо, афсуски, авлодлар кўз қорачиғидек эъзозлаб келаётган ана шу тимсолларга айримлар доғ туширмоқда. Янаям тўғрироғи дунё миқёсида олиб қараганда сўнгги вақтларда хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик сони кескин ортиб бораётир. Бу ҳолат бугуни ва келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни жиддий мулоҳазага ундайди.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқ ва оммавий ахборот воситаларига назар ташласангиз ахборотлар оқими тамомила ўзга бир ўзанда ҳаракат қилаётганини англайсиз. Яъни урушлар, қотилликлар, контрабанда, ўғрилик, турли диний оқимлар, барча-барчасида аёллар иштироки бот-бот тилга олинаётир. Аёл сиймосининг бу жирканч иллатларга ружу қўйиши эса оила деган муқаддас қўрғонга дарз етказиб, азалий қадрият ва анъаналар тизгинини буткул издан чиқариши ҳеч гап эмас. Гапнинг сирасини айтганда, бир вақтлар ҳар нарсанинг чегараси борлигини жамиятга сингдирган қатлам вакилаларининг баъзилари бугун соғлом муҳитга ўзлари лой чаплаётир. Энг ачинарлиси, бу жараён бизни-да четлаб ўтмаган.

Фарғонада келин қайнонанинг қотилига айланди, Тошкент вилоятида чақалоқларни сотиш билан шуғулланган аёллар қўлга олинди, чет элда одам савдоси билан шуғулланган “тўда маликаси” Ўзбекистонга келтирилди, Тошкентда диний оқим тарғиботчиси бўлган жувон ушланди. Бу каби ёқимсиз хабарлар кунора қулоғимизга чалинади.

Оддий одамлар ҳаётига ташвиш олиб келаётган, фарзандлар онгини заҳарлаб келажакни таҳликага солаётган жиноятларга бефарқ ва лоқайдлик билан ёндашар эканмиз, бундай воқеа-ҳодисаларни ҳали жуда кўп бора эшитишимиз, ҳаттоки, бунга сабабчи ёки гувоҳ бўлиб қолишимиз ҳам ҳеч гап эмас.

Фарғонада келин қайнонанинг фожиали ўлимида бош айбдор. Аслида бу жиноятнинг содир бўлишига сабаб бўлган омиллар бисёр бўлса керак. Аччиқ бўлсада айтиш жоиз: интиҳоси фожиа билан тугаган низонинг шу даражага етилганини билмаганига мана энди маҳалла-кўй ҳам қўни-қўшнию қариндош-уруғлар ҳам ҳеч кимни ишонтира олмайди. Ахир инсон умрига зомин бўлишдек қабиҳлик содир этилар экан, бу бир неча соат ва ёки бир неча кун ичида келин бўлмишнинг хаёлига дабдурустдан келмаган. Ўртадаги низони назаримизда кўпчилик билган, фақатгина бепарволик панд берган, холос. Ким билади, дейсиз, балки она тобутини кўтариб аюҳаннос солаётганлар орасида бефарқлиги ва гумроҳлиги учун ўзини койиб дод солганлар ҳам бўлгандир.

Келажак кўзга кўринмас нарса бўлса-да у билан тўқнашув муқаррар экан, ён-атрофимизда кечаётган воқеа-ҳодисаларга лоқайд бўлиб яшашга ҳаққимиз қолмайди. Самарқанднинг бир четида шаҳвоний мақсадда фойдани кўзлаб уюшган жиноий гуруҳ тузган фосиқ бир хотиннинг ёлғон сўзлари Сирдарёнинг бўйларида эмин-эркин ўйнаб юрган синглимизни ҳам ўз домига тортмаслигига кафолат йўқ. Негаки кўпчилигимиз бефарқмиз. Балки майда икир-чикир, деб эътибор қаратмасмиз, аммо ана шу майда нарсалардан катта фожиалар ясалаётганини кўзимиз кўриб, қулоғимиз эшитгандан сўнг англаяпмиз. Ваҳоланки, барчасига вақтида чек қўйиш мумкин эди.

Жиноятнинг катта кичиги бўлмайди. У мавжуд ҳаётимизда давомийлик касб этар экан, ким содир этишидан қатъи назар, хотиржам яшай олмаймиз. Айниқса, хотин-қизларнинг жиноятга қўл уруши пайтавамизга тушган қуртдай кундан-кун хавотир уйғотиши тайин. Ахир аёл жинояти биргина моддий ёки маиший муаммоларни келтириб чиқармайди. Унинг ижтимоий хавфи, келажакка, соғлом муҳитга таъсири сезиларли даражада кучли.

Тасаввур қилинг бир йилда 10 та аёл жиноят кўчасига кирди. Бу дегани 10 та оила барбод бўлди, 20-30 бола етимлик ситамларини гарданига олди, давлатнинг энг қуйи ва энг муҳим бўғини бўлган шунча оила таг-томири билан ситилиб кетди, деганидир. Фарзандлар қандай инсон бўлади, ахир мамлакат эртаси уларнинг бугунги тарбиясига боғлиқ. Бир-бирига занжирдек уланиб кетадиган масалалар келажакка дахлдор муаммоларни келтириб чиқариши муқаррар.

Бекорга ҳукумат даражасида бунга эътибор қаратилмаяпти. “Аёл нега жиноятга қўл урди? Унинг ташвиши нима, орзу-ўйлари нима, қандай муаммоси бор? Биз қаерда хато қилаяпмиз? Хотин-қизларга муносиб турмуш-шароит яратиб беринг, тўсиқларни олиб ташланг”, дейиляпти. Президентимиз бу ҳаётий саволларнинг жавобини сўраяпти.

Аммо холис айтганда, ҳаракатларимиз даврнинг мавжуд саволларига етарлича жавоб қайтаришга қурбимиз етмаётганини кўрсатмоқда. Маҳалла идорасию, айрим муассасаларда ҳисоботларни тўлдириш, режаларни бажариш учун ўтказилаётган йиғинларнинг аллақачон сийқаси чиққан. Кунда кунора газеталарга жимжимадор мақола ёзиб, телеэкранда вазхонлик қилиш одамларнинг энсасини қотиришдан бошқасига ярамаяпти. Амалий ишлар ҳам керак. Ахир бугун биз давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларида ислоҳотлар чуқурлашиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётган даврда яшаяпмиз. Юртимизда кечаётган ўзгаришлар салмоғини кўзимиз кўриб, қулоғимиз эшитиб турибди. Тўғри, оддий аҳоли юртда тинчлик бўлишини истайди. Аммо шу билан бирга ҳаётида фаровонлик, турмушида мазмун кўришни, жамиятда сонсалорликлар, жиноятчиликлар барҳам топишини ҳам хоҳлайди. Бунга уларнинг ҳақлари бор.

Таҳлилчиларнинг фикрича, оилавий ажралишлар, ишсизлик, оилавий муҳит, маънавий тушкунлик каби омилларнинг жамиятда бўй чўзиши жиноят кўчасига кираётган аёлларнинг сафини кенгайтирар экан.

Энг катта сабаблардан бири – ажралишлардир. Ажралишлар туфайли нотинч, ноқобил, нотўлиқ оилалар вужудга келади. Натижада бир қанча ижтимоий, маънавий муаммолар юзага келади. Маълумотларда ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аёллар ва вояга етмаган болалар айнан ана шундай оилалардан экани қайд этилган. Мулоҳаза қилсак жамият елкасига оғир юк бўлиб минаётган бу муаммо асоратлари ҳийла чуқурроқ. Нима учундир жамиятда ажримлар борасидаги муаммога ечим топишга келганда оқсоқланаяпмиз. Мутасаддилар, фаол жамоатчилик томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамай ҳали ҳамон бу борадаги муаммолар камайган эмас.

Масъул ташкилотларнинг иш тартибини, қарашларни ўзгартириш мавриди келган. Ахир хотин-қизлар, маҳалла, ички ишлар тизими фаолларининг фаолияти бугун жамаотчиликни қониқтирмаётганини сезишга жуда катта ақл талаб қилинмайди. Бунинг учун узоққа бориш ҳам шарт эмас, ўзингиз яшаб турган маҳалла идорасига чиқинг, фақатгина маълумотнома тарқатадиган идорага ўхшаб кўринмайдими сизга. Давлат даражасида ҳар бир тизим фаолиятини такомиллаштиришга, янгича ишлашга, янгича қарашга йўл кўрсатилаётган бир пайтда фақат қоғоздаги ишларни жой-жойига қўйиш борасида баҳс қилиб ётибди. Уларнинг бу ҳоли кулса кулгили бўлиши билан бирга, тепса тебранмасдир. Бугунги шароит эса барчадан тафаккурни ўзгартиришни, жамиятга, унда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан муносабатини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Биз қачон мақсадга эришамиз? Бир боланинг оёғига кирган зирапча бутун жамиятни зиқиратмас экан манзилимиз узоқлашиб бораверади. Оддийгина маиший муаммолар сабаб эру хотин, қайнона-келин, қариндошлар ўртасида жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида 165 та қотиллик жинояти содир этилган. Бепарволик алалоқибат нималарга олиб келаётганини кўрдингизми?..

Кенг жамоатчилик олдидаги вазифалар залвори оғир. Юртда тинчлик барқарор бўлишига кўпроқ улар масъулдирлар. Бунда, албатта, давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро узвий ҳамкорлиги зарур. Аслида жиноятчиликнинг вақтида олдини олиш учун мутасадди ташкилотларга етарлича ваколат берилган, давлатимиз томонидан керагича имконият яратилган. Фақат қунт ва масъулият бўлса, олиб борилаётган ишларининг натижаси ҳам самарали бўлади. Хотин-қизларнинг дардига шерик, муаммосига ечим, интилишларига имкон яратиб беришга шошилишимиз керак. Акс ҳолда, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликлар кўламидан ҳисобот дафтарларимиз тўлаверади.

Ички ишлар тизими “...шаҳримизда очилмаган бирорта жиноят қолмади, келгусида ҳам ҳар қандай жиноят очилади”, дея ғурурланганидан барчанинг кўнгли таскин топди. Мана энди ана шу баёнотларининг ёнига шунча ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг ҳам олдини оламиз, дея изоҳ қўшишса мақсадга мувофиқ бўларди. Негаки, жиноятлар фош этилгани билан бу унсурнинг сони камаймаётган бўлса кўнглимиз хотиржам бўлмаслиги аниқ.

Аслида сабаб қандай бўлишидан қатъи назар, аёлнинг жиноят кўчасига киришининг ўзи таҳликали. Чунки аёл – аввало, она, авлодлар давомчисини тарбиялайдиган қатлам вакиласи. Жамиятнинг бугуни ва келажагини уларнинг фаолияти белгилайди. Агарда бу тамойил ўзгарса, разолат хуруж қилса унда “соғлом муҳит барқарор”, деган тушунчаларга шубҳа оралайди.

Аслиддин Суюнов, ЎзА
2 201






Все о погоде - Pogoda.uz