Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2018 12:12 Чоп этиш версияси

Аёл деган номга номуносиб аёллар...

Халқимизда бировнинг ҳақи буюрмайди, деган нақл бежизга айтилмаган. Бировнинг ҳалол меҳнати эвазига йиққан пулини “ўзиники” қилиб олмоқчи бўлган кимсалар охир-оқибат қаттиқ адашади.

Санобар Сотқиналиева муқаддам 14, жиноий шериги Дилфуза Назимова 6 маротаба судланган. Аммо бу уларга сабоқ бўлмади. "Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" деганларидек, яна фирибгарликка қўл урди.

С.Сотқиналиева таниши Ш.Сабиров кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олиш мақсадида юрганлигидан хабар топади. Унга арзон нархда хонадон олиб беришини айтиб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради. “Харидор” ёлғончи аёлнинг макрига алданганини сезмай қолади. 1 минг 850 доллар ҳамда 360 минг сўм пулни фирибгарнинг қўлига тутқазади…

Орамизда содда, ишонувчан одамлар жуда кўп. С.Сотқиналиева шериги Д.Назимова билан тил бириктириб, фирибгарлик, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан 2016 йилнинг декабрь ойидан 2017 йилнинг март ойига қадар бир неча фуқароларни чув туширади. Фарғона шаҳрида яшовчи, “Фарғонаазот” акцядорлик жамияти ишчиси А.Мўминов уларнинг тузоғига илинганлардан бири. У уй сотиб олмоқчи эканини ширкат раисига айтади. Шунда у бир хонали уй борлигини айтиб, кимгадир қўнғироқ қилади. Аммо уйнинг нархи 5 минг доллар эканлигини билгач, “менда бунча пул йўқ, агар 3 минг доллар атрофида уй бўлса оламан” дейди. Ширкат раиси унга Д.Назимованинг телефон рақамини бериб, уй эгаси шу аёл эканини, бориб кўришини маслаҳат беради.

А.Мўминов Фарғона шаҳар, Янги аср кўчасидаги кўп қаватли уйга келгач, фирибгар аёллар уни аврашга тушди. Аслида Л.Петухинага тегишли бўлган хонадонни ўзлариники қилиб кўрсатишади. Харидор хонадонга борганда, у ерда Олима ва Шаҳноза исмли аёллар ҳам ўтирган экан. Уларни иккала судланувчи “ёлланма” харидор деб топиб келган эди. “Булар ҳам харидор. Агар кўпроқ берсангиз, уй сизники” деди Санобар. Аммо харидор 3 минг доллардан ортиқ беролмаслигини тушунтиради. Аёллар уни авраб, ахийри 3 минг 700 долларга келишади. "Тез кунда нотариал идорасида уйнинг ҳужжатларини сизнинг номингизга расмийлаштирамиз”дейишди. Шу куни харидордан 2 минг 700 долларни олиб, маблағни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборишади.

Орадан бир неча кун ўтгач, Д.Назимова “харидор”га қўнғироқ қилиб, “қолган 1000 долларни олиб келсангиз, ҳужжатларни тезроқ расмийлаштирамиз”, дея ёлғон гапиради. Харидор онаси билан пулни олиб келади. “Ҳожатбарор” аёл йигитга “уй муборак”, дея сохта мулозамат қилади. Унинг ширин сўзларига ишонган йигит оғзи қулоғида чиқиб кетади. Аммо хурсандчилиги узоққа бормади. Орадан икки-уч ой ўтса ҳамки, “сотувчи”лардан дарак йўқ. Юрагига ғулғула тушиб, қўнғироқ қилди, жавоб йўқ.

“Сотувчи”лар 2017 йилнинг март ойига қадар турли баҳонани рўкач қилишади. 3 март куни Д.Назимова “Полвон” исмли йигит билан уларникига келиб, ҳужжатда камчилик борлигини рўкач қилиб, “яна 400 доллар берасизлар”, деди. Иложсиз қолган йигит эртасига айтилган пулни беради. Одам шунчалар ҳам содда бўладими?! Айнан шундайларни чув тушираётган “сотувчи” аёллар бу маблағни ҳам сарфлаб юборишди. Югур-югур қилиб сарсон бўлган жабрланувчи тегишли идорага мурожаат қилди.

“Ҳожатбарор” аёлларнинг қилмиши фош бўлди. Уларга нисбатан адолатли ҳукм ўқилди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
11 417