ЎзА Ўзбек

28.09.2019 Чоп этиш версияси

Ҳайдовчига нисбатан қўлланилган маъмурий ҳуқуқбузарлик нотўғри бўлиб чиқди

Ҳайдовчига нисбатан қўлланилган маъмурий ҳуқуқбузарлик нотўғри бўлиб чиқди

Фуқаро Ботир Бахранов жорий йил 18 апрель куни Бухоро шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида ўзининг “Нексия” енгил автомашинасини бошқариб бораётганда шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходими томонидан тўхтатилиб, текширилади ва унга “Йўл ҳаракати қоидаларининг 3-иловаси 7.3-банди талабларини бузганлиги билдирилади ҳамда МЖтКнинг 126-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилади.

Ходим бундай қарорга келишида автомашинанинг орқа ён эшик ойналарига ҳайдовчи ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарса ўрнатилган транспорт воситасидан фойдаланганини асос қилиб кўрсатган.

Табиийки, Ботир Бахранов эса баённома тузилишига эътироз билдиради. У ЙҲХБ ходимига “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси 7.3-банди талабларини бузмаганлигини, автомашина орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатилгани қонунда тақиқланмаганлигини айтади.

Аммо шунга қарамасдан, “Нексия” машинаси жарима майдончасига жойлаштирилади. Шундан сўнг ҳайдовчи автомашинасини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимининг маъмурий амалиёти қарори билан тайинланган жаримани тўлайди. Лекин фуқаро унга нисбатан нотўғри баённома тузилганлигидан қаттиқ ранжийди, асабийлашади. Кўрилган чора нечоғли асослигига аниқлик киритиш учун дастлаб “Ўзстандарт” агентлигига мурожаат этади.

Мазкур идора фуқаронинг ҳақлигини тасдиқлайди. ”Ўзстандарт” агентлиги томонидан берилган жавоб хатига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган давлатлараро стандарт ГОСТ 33988-2016 “Автомобильные транспортные средства. Обзорность с места водителя. Технические требования и методы испытания”нинг 2.12-бандига мувофиқ, ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўриниши майдонининг устки чегараси деб, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдонининг остки чегарасини ташкил қиладиган, учта бошқа текисликлар даражасида ўтадиган, горизонтал текислик орасида жойлашган, 180 градус секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланиши маълум қилинади.

Бу хулоса Б.Бахрановга яна бир нуфузли ва айни пайтда дахлдор идора – Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига ҳам мурожаат билан чиқишга асос бўлади. Бу гал олинган жавоб хатига кўра ҳам, у яна ҳақ. Аниқроғи, Бош бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сонли қарори билан тасдиқланган “Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлик тўғрисида”ги умумий техник регламентининг 5-бандида ҳамда Республика ҳудудида амалда бўлган ГОСТ 33988-2016 давлатлараро стандартнинг 2.12-бандида “ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўриниши”га тушунча берилганлиги маълум қилинади. Унга асосланиб хулоса қилинадиган бўлса, МЖтК 126-моддасининг 1-қисмида техник регламентга мувофиқ бўлмаган кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан, худди шунингдек ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ёки қопламалар суртилган транспорт воситаларидан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Демак, юқорида тилга олинган ГОСТ ва техник регламент талабларига мувофиқ автомашина орқа ён эшиклари ҳайдовчи ўрнидан теварак-атрофга кирмаслиги сабабли Б.Бахрановнинг ҳаракатларини ушбу модда билан малакалаб бўлмайди. Бундан ташқари, “Йўл ҳаракати қоидалари”да ёки бошқа қонунларда автомашина орқа ён эшикларига парда ўрнатиш тақиқланиши кўрсатилмаган.

Юқоридаги далилларни келтирган ҳолда автомашина эгаси Ботир Бахранов Бухоро шаҳар прокуратурасига расмий мурожаат қилади. Прокуратура ҳолатни ўрганиб, қонунга зид ҳолда баённомани бекор қилиш тўғрисида шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига протест киритади. Шундан сўнг бўлим мазкур ишни кўриб чиқиш юзасидан маъмурий судига ариза билан мурожаат қилади.

Жорий йил 6 сентябрда шаҳар маъмурий суди ишни кўриб чиқди. Томонлар ва тегишли соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган судда ҳолатга аниқлик киритувчи ҳужжатлар кўриб чиқилди ва фикрлар эшитилди.

“Ўзстандарт” агентлиги Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасининг сертификатлаштириш идораси раҳбари Фарҳод Ирисов Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалда бўлган тегишли давлатлараро стандартда автотранспорт воситаларини орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатиш тақиқланиши ҳақидаги қоидалар мавжуд эмаслигини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сонли қарори билан тасдиқланган “Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлик тўғрисида”ги умумий техник регламентнинг 73-бандида транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ўз олдидаги йўлни тўсиқсиз кўриш имкониятига ва шунингдек транспорт воситасининг ўнг ҳамда чап тарафида теварак-атрофни кўриш имкониятига эга бўлиши лозимлиги, ҳайдовчи ўрнидан теварак-атрофни кўришни чекловчи қўшимча нарсалар ёки қопламалар бўлиши тақиқланиши белгиланганлигини таъкидлади. Айни пайтда юқоридаги ГОСТ талабларига мувофиқ М-1 тоифадаги автомашиналарни орқа ён эшик ойналари ҳайдовчи ўрнидан теварак-атроф кўриниши лозим бўлган майдон ҳисобланмаслигини, техник регламентга мувофиқ кўзгусимон ёки туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойналарнинг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлган тақдирда ушбу автомашиналардан фойдаланиш тақиқланиб, бундан ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатнома берилган транспорт воситалари мустасно эканлигини, шунингдек парда ўрнатилган ойнада ёруғлик ўтказувчанлиги даражасини текшириш имкони мавжуд эмаслигини, қолаверса, парда ўрнатилиши ойналарнинг тусини ўзгартириш (қорайтириш) ҳисобланмаслигини баён қилди.

Судда сўралган вилоят ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати фаолиятини ташкил этиш ва маъмурий амалиёт гуруҳи катта инспектори Искандар Тўхтаев ҳолат юзасидан тегишли меъёрий ва ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ўз фикрларини билдирган ҳолда, Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси сертификатлаштириш корхонаси раҳбари Ф.Ирисовнинг кўрсатмаларига эътирози йўқлигини таъкидлади.

Суд, иш бўйича ҳуқуқбузар ва мутахассисларнинг кўрсатмалари ҳамда прокурор фикрини тинглаб, ишда мавжуд ва суд мажлиси давомида аниқланган ҳолатлар ва тўпланган ҳужжатларга асосланиб, қуйидагиларга кўра Б.Бахрановнинг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги сабабли ишни тугатишни лозим деб топди.

– Маъмурий ҳуқуқбузарликнинг ўзи нима?, – дейди Бухоро шаҳар маъмурий суди раиси Руслан Заиров. – Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 10-моддасида белгиланишича, қонун ҳужжатларига биноан, маъмурий ҳуқуқбузарлик деганда, маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган, шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга тажовуз қилувчи ғайриҳуқуқий, (қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасида) содир этилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик тушунилиши назарда тутилган. Шу нуқтаи назардан судимизда кўрилган ҳолатга баҳо бериладиган бўлса, унинг маъмурий ҳуқуқбузарликка алоқаси йўқ. Яна таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрда қабул қилинган 370-сонли қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3-иловаси 7.3-бандида ҳайдовчининг жойидан теварак-атроф кўринишини чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатилган ва қопламалар туширилган бўлса, 7.4-бандида эса барча турдаги транспорт воситалари олд, ён ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлса, транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланиши кўрсатилган бўлиб, ушбу бандга берилган изоҳда III класс М3 тоифадаги автотранспорт воситаларининг орқа ва ён ойналарига пардалар, икки ёнга орқа томонни кўриш учун ташқи кўзгуси мавжуд бўлган барча тоифадаги автотранспорт воситалари орқа ойналарининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартиришга (қорайтиришга), шунингдек, ушбу орқа ойналарга парда (чий парда, дарпарда) ўрнатишга рухсат берилиши қайд этилган.

Хуллас, юқоридаги ҳолатда фуқаро Бахрановга нисбатан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими қўллаган чора асоссиз. Ўзбекистон Республикаси МЖтК 271-моддасининг 1-қисмида маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ёки аломатлари йўқ бўлса маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини бошлаш мумкин эмаслиги, бошланган ишлар эса тугатилиши лозимлиги белгиланган.

Суд, шунга асосланган ҳолда ва мазкур Қонуннинг 245-, 309-, 310-311-, 3241-, 3243-моддаларига амал қилиб, ишнинг ҳақиқий ҳолатларидан келиб чиқиб, Б.Бахрановнинг транспорт воситасини орқа ён эшик ойналарига парда ўрнатган ҳолда фойдаланиб келганликда ифодаланган ҳаракатларида МЖтК 126-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд эмас деб топиб, унга нисбатан бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишини тугатишни тўғрисида қарор қабул қилди.

Шу билан салкам беш ой давом этган масалага нуқта қўйилди. Лекин бизнингча, фуқаронинг асабини бузган, унинг оворагарчилигига сабаб бўлган юқоридаги ҳолатнинг сабоғи бор. У ёки бу шахсга қандайдир айб қўйиш, унинг қонунбузарликни содир этганлигини расмийлаштириш учун аввало қонунни, тегишли ҳуқуқий ҳужжатларни билиш, профессионал, масъулиятли бўлиш лозим. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ички ишлар вазирлиги ўртасида 2017 йил 11 октябрда тасдиқланган қўшма кўрсатма талабларига мувофиқ муайян шахс томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилганлигини исботлаш мажбурияти маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома тузган идоралар (мансабдор шахс) зиммасига юклатилиши қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, Бухоро шаҳар маъмурий суди томонидан юқоридаги ҳолат бўйича Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимига тақдимнома ҳам киритилган.

15 851
Эркин ЁДГОРОВ, ЎзА мухбири