ЎзА Ўзбек

02.02.2018 14:47 Чоп этиш версияси

Ҳайдовчи автомашинасини ташлаб қочди

Фарғона вилоятининг қўшни Қирғизистон билан чегарадош ҳудудида айланма йўллар орқали юртимизга тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб кириш ҳолатлари учрамоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ана шундай ҳолат фош этилди.

Жорий йил 30 январь куни Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида “Водил-Фарғона” йўналишида ҳаракатланаётган номаълум шахс бошқарувидаги “Nexia” русумли, давлат рақами 40 L 176 NA бўлган автомашина кузатувга олинган. Мазкур автоулов Фарғона шаҳри Алишер Навоий кўчаси ҳудудида тўхтатилганда, ҳайдовчи автомашина ва ундаги товарларни ташлаб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ва Ўзбекистон Республикасининг акциз маркаси билан маркаланмаган умумий қиймати 153 миллион 400 минг сўмлик 15 минг 340 дона “Milano” номли тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Тезкор суриштирув ва қидирув чора-тадбирлари натижасида автомашина ва тамаки маҳсулотини ташлаб қочган “учар тадбиркор”нинг шахси аниқланди. У Фарғона вилояти Фарғона тумани "Водил" қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Абдумажидов Саидумар бўлиб чиқди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текшируви ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Маълумот учун: 1996 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб келинаётган тамаки маҳсулотларини белгиланган намунадаги акциз маркалари билан мажбурий маркалаш тартиби жорий этилган. Ушбу тартибга риоя қилмасдан тамаки маҳсулотларини юртимизга олиб кириш, акциз маркаларини ёпиштирмаган ҳолда ташиш (халқаро транзитдан ташқари), сақлаш ва сотиш тақиқланади. Жисмоний шахслар йўловчи божхона декларациясининг тегишли бандида қайд этган ҳолда, 10 қутигача тамаки маҳсулотларини божхона чегарасидан эркин олиб киришига рухсат этилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
10 943