Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.12.2017 16:04 Чоп этиш версияси

Айбдор қилмишидан пушаймон бўлди

Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан тумандаги 116-умумтаълим мактаби биносида сайёр суд мажлиси, шунингдек, жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича судьяларнинг жамоатчилик вакиллари билан учрашуви ўтказилди.

Сайёр суд мажлисида судланувчи Е.К.нинг фоҳишахона ташкил этиш ва сақлаш билан боғлиқ жиноий иши кўриб чиқилди.

Уй – кичик Ватан, мўъжаз қўрғон. Эрталаб ана шу уй остонасидан яхши ниятлар билан чиқилади, кун бўйи ишдан, турли ташвишлардан ҳориганда яна уй остонасидан ҳатлар экан, киши кўнгли хотиржам бўлади, ором олади. Халқимиз бежизга “Ўз уйим – ўлан тўшагим” демайди.

Аммо орамизда шундайлар ҳам борки, уйидан ўз нафси йўлида ноқонуний фойдаланиб, жиноятга қўл уради. Оқибатда қилмишига яраша жазодан қочиб қутулолмайди.

Тошкент шаҳар Учтепа туманида истиқомат қилувчи Е.К. танишининг таклифига биноан ўз уйидан фоҳишахона сифатида фойдаланишга рози бўлади. Бу қонунга зид эди, жиноят эди. Жиноят эса жазосиз қолмаслиги, қонунни билмаслик ё бошқа ҳар қандай сабаб жазодан қутулиб қолишга имкон бермаслиги барчага аён.

1983 йил Тошкент шаҳрида туғилган Е.К. ҳаётда қийналган аёл. Аввалига ёқилғи қуйиш шохобчасида ишчи, кейинчалик кафеда официант бўлиб ишлади. Яқинларидан айрилгач, ҳайҳотдай уйида ёлғиз қолди. Чуқур депрессияга тушиб, соғлиғи ёмонлашди, ишидан ҳам айрилди.

Сайёр суд мажлисида жиноят иши ҳужжатлари ўрганиб чиқилди, судланувчи ва гувоҳнинг кўрсатмалари эшитилди. Судланувчи қилган жиноятига иқрор бўлиб, қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини билдирди, суддан унга нисбатан енгиллик беришни сўради.

Халқимиз, раҳбариятимиз кечиримли, қонунларимизда инсонпарварлик тамойиллари устун экани мазкур суд жараёнида яна бир бор ўз исботини топди. Суд жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги, айбланувчининг ўз айбига тўлиқ иқрорлигини, ижтимоий аҳволини, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси иккинчи қисми билан Е.К.га 1 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Озодликни чеклаш жазосини унинг яшаш жойида, яъни Учтепа тумани, Чилонзор массивидаги ўз уйида соат 22:00 дан 6:00 га қадар ўташ белгиланди. Е.К. зиммасига жазони ўташ даврида спиртли ичимликлар сотиладиган жойларга, жумладан, бар ва ресторанларга бормаслик, алькоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик ва жиноятга мойил бўлган шахслар билан алоқа қилмаслик юклатилди.

– Бу мен учун катта сабоқ бўлди, – деди у йиғилганларга қараб. – Энди ҳаётимни тубдан ўзгартираман, бошқа бундай қинғир иш билан шуғулланмасликка, жиноятга қўл урмасликка ваъда бераман.

Йиғилганлар – кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалладошлар унинг сўзлари чин юракдан айтилаётганига ва ўз ваъдасининг устидан чиқишига ишонди.

Жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича судьяларнинг жамоатчилик вакиллари билан учрашувида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган топшириқлар ижроси, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олиш, уларни келтириб чиқарадиган омиллар билан курашиш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш, давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди, аҳолини қийнаётган муаммолар ўрганилди, тегишли кўмак ва тавсиялар берилди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
8 580