Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2017 15:37 Чоп этиш версияси

Ҳаяжонли лаҳзалар: ота-оналар аскар ўғиллари билан экран орқали дийдор кўришди

Ҳаяжонли лаҳзалар: ота-оналар аскар ўғиллари билан экран орқали дийдор кўришди Мамлакатимизда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари видеомулоқотини ўтказиш анъанага айланди. Ватан ҳимоячилари куни арафасида бундай дийдорлашув аскар йигитлар учун ҳақиқий байрам совғаси бўлмоқда.

Фарзанди Наманган вилоятидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган самарқандлик ота-оналар ҳамда гўзал водийдан келиб, қадимий кентда йигитлик бурчини адо этаётган наманганлик аскарлар Самарқандда ўтказилган “Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси” видеомулоқотида ана шундай имкониятга эга бўлди.

Мулоқот аввалида иккала вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари аскарлар ва уларнинг ота-оналарини Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.

Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самаралари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилаётган шароитлар, имконият ва имтиёзлар ҳақида сўз юритилди. Аскарлар ва уларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.

Ҳаяжонли лаҳзалар бошланиб, ота-оналар ва фарзандлар экран орқали дийдор кўришди. Бир-биридан ҳол-аҳвол сўраб, байрам билан табриклади.

– Ўтган йил мана шу пайтларда менинг ўғлимни ҳам ҳарбий хизматга олишса эди, у ҳам аскарлик либосини кийса эди, деб орзу қилгандим, – дейди пастдарғомлик Наргиз Жўрақулова. – Орзуларим ушалиб, муддатли ҳарбий хизматга отланганда ўғлим Ватан ҳимоячиси бўлди, деб бошим кўкка етганди. Бир йилдан буён ана шу фахр ва ифтихор билан юрибман. Бугун аскарнинг онаси, деб алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатишганидан қувончим ўн чандон ошди. Муҳими, ўғлим билан экран орқали юзма-юз кўришиб, уни байрам билан табрикладим. Унинг қадду қомати, гап-сўзлари ўзгариб, улғайганини кўриб, она сифатида қалбим фахрга тўлди.

Учрашувда аскарлар ўзларининг ҳаёт тарзи, ҳарбий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди.

– Қарийб бир йилдан буён Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисмда хизмат қилмоқдаман, – дейди тўрақўрғонлик оддий аскар Фатҳиддин Икромиддинов. – Шу давр мобайнида ҳарбийликнинг шараф ва масъулиятини теран ҳис қилиб, Ватан ҳимоячиси деган номга муносиб бўлишга интилдим. Бугун ота-онам ишончини оқлаган фарзанд сифатида улар билан дийдорлашиб, менга берган таълим-тарбияси учун миннатдорлик билдирдим.

Тадбир якунида истеъдодли ёшлар ва бадиий жамоаларнинг концерт дастури намойиш этилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
2 554






Все о погоде - Pogoda.uz