Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.11.2017 21:16 Чоп этиш версияси

"Avtotest Report": малака оширишнинг замонавий услуби

"Avtotest Report" масъулияти чекланган жамияти томонидан журналистлар учун медиа-тур ташкил этилди. Унда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу борада "Avtotest Report" МЧЖ томонидан йўлга қўйилган инновация услублари ҳақида маълумот берилди.

Кейинги йилларда йўловчилар, автотранспорт ҳайдовчилари хавфсизлигини таъминлаш, уларга ҳар томонлама қулайликлар яратиш мақсадида комплекс чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилмоқда. Қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, йўловчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишда илғор технологиялардан самарали фойдаланилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига биноан мамлакатимиз қонунчилигига транспорт воситалари ҳаракатланиш тезлиги тартибига талаблар кучайтирилди, бошқарув пайтида мобиль алоқа воситалари, турли видео аппаратуралардан фойдаланиш тақиқланди, хавфсизлик камаридан фойдаланиш мажбурлиги белгиланди, бошқа чоралар кучайтирилди.

Шу йилнинг март ойидан пойтахтимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизими ишга туширилгани, равон йўллар, йўл ўтказгичлар, кўприклар бунёд этилаётгани, қайта таъмирланаётгани узоқни яқин қилиб, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шунга қарамай, афсуски, турли кўнгилсиз йўл ҳаракати ҳодисалари учраб турибди. Аксарият ҳолларда, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар бу каби ҳодисалар иштирокчиларига айланиб қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2016 йилда йўловчи ва юк ташувчи автомобиль ҳайдовчилари айби билан 970 дан ортиқ йўл транспорт ҳодисаси содир этилган. Оқибатда 350 дан зиёд одам ҳалок бўлган, мингга яқини жароҳат олган. Ушбу тоифадаги ҳайдовчилар томонидан қарийб 4 минг марта йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳоллари аниқланган.

Бу каби ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида 2017 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчиларнинг 2018 йил 1 январдан бошлаб "Avtotest Report" МЧЖ ўқув мажмуалари базасида 2 йилда бир марта малака ошириши мажбурийлигини белгилайдиган тартиб жорий этилган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида "Avtotest Report" МЧЖ ўқув комплексида тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, "Avtotest Report" МЧЖ автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқитишнинг уйғунлашган услублари, янги таълим технологияларидан кенг фойдаланиб келмоқда. Ўқув жараёнига ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини оширишга қаратилган, ўқитиш мониторингини олиб бориш ва уни режалаштириш имконини берадиган автоматлаштирилган комплекс ахборот тизими жорий этилган. Шунингдек, автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича "Avtotest 3.0" ўқув-услубий комплекс ишлаб чиқилган.

Ўқув жараёнига жорий этилган бу каби замонавий таълим стандартлари, энг илғор технологиялар, компьютер воситалари халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлмоқда. Хусусан, "Avtotest Report" МЧЖ 2013 йил Тошкентда бўлиб ўтган "Best soft Uzbekistan" кўргазмасида "Дастурий маҳсулот – йил белгиси" номинациясида ғолибликни қўлга киритган.

Медиа-турда журналистлар 2018 йил январь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида ҳайдовчилар малакасини ошириш марказларини очишга кўрилаётган тайёргарлик ишлари, бу ерда яратилган шароитлар, моддий-техник база, ўқув-услубий қўлланмалар, ўқитувчиларнинг малакаси билан танишди.

– Ўқув жараёнида мультимедиа воситаларидан кенг фойдаланилади. Машғулотларда ўқитувчиларимиз планшетлар, шунингдек, ўқув курслари учун махсус тайёрланган "Avtotest 3.0" дастури орқали ҳайдовчилар малакасини ошириб боради, – дейди "Avtotest Report" МЧЖ бош директори Оксана Тигай. – Шунингдек, ўқув жараёнининг сифати ҳар бир аудиторияга ўрнатилган кузатув камералари орқали назорат қилиб борилади. Ҳар бир тингловчига видеомаърузалар ёзилган диск ва ишчи дафтарлар тақдим этилади. Бир сўз билан айтганда, ҳайдовчилар малакасини ошириш курслари интерактив услубда амалга оширилади.

Тадбирда "Avtotest Report" МЧЖ ҳайдовчилар малакасини ошириш марказлари учун 25 миллиард сўм маблағ йўналтиргани, шунингдек, мингдан ортиқ иш ўринлари ташкил қилинаётгани ҳақида айтилди.

– Мазкур марказлар фаолиятини бошлаши учун деярли тайёр ҳолга келтирилди, – дейди "Avtotest Report" МЧЖнинг малака ошириш департаменти директори Маманбий Омаров. – Барча марказлар энг замонавий ўқув қўлланмалари, жиҳозлар ва техник воситалари билан таъминланади. Мутахассисларимиз малака ошириш курслари учун замонавий таълим стандартларидан фойдаланган. Унга кўра, бир ҳафта давомида ҳайдовчилар ўз малакасини ошириш имконига эга бўлади.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 120






Все о погоде - Pogoda.uz