ЎзА Ўзбек

30.05.2019 19:13:53 Чоп этиш версияси

Автомототранспорт воситалари учун кундузи чироқларини ёқиб ҳаракатланиш мажбурийлиги қайта кўриб чиқилмоқда


ИИВ барча автомототранспорт воситалари учун кундузи яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб ҳаракатланиш шарт қилиб қўйилгани ва бундан кўзланган мақсад ҳақида изоҳ берди.

Хабарингиз бор, uza.uz веб-сайтимизда барча автомототранспорт воситалари учун кундузи яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб ҳаракатланиш шарт қилиб қўйилгани билан боғлиқ таҳлилий-танқидий туркум мақолалар, суҳбатлар, интервью ва видеолавҳалар эълон қилиб келинмоқда. Ушбу мақолалар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганидан ҳам хабарингиз бор. Кимларнидир танқид қилиш, ёки ёмонотлиқ қилиш ниятимиз йўқ. Истагимиз жамиятдаги ҳар бир ўзгариш ва янгиланишлар, ўрнатиладиган тартиб-қоидалар аҳоли фаравонлигига хизмат қилсин деймиз.

Автомобилдан сақланинг: Кундузги чироқ «неча пул»га тушяпти?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари автомобилларнинг кундузи чироқ ёқиб юришларига қарши чиқмоқда
Автомобиль чироқларини кундузи ёқиб юриш иқлимимизга тўғри келмайдими?
Яна автомобиль чироқлари ҳақида – норозиликлар авжида, қарорга ўзгартириш киритиладими? (видео)
Автомобиль чироқлари савдоси авжида: Кимлар фойда кўзлаган?.. (видео)
Адлия вазирлиги: Депутатлар нега машина чироқлари билан боғлиқ баҳсда ўзларини ўзлари инкор қилмоқда?

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Акрамхон Бобохонов, ИИВ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбиддинхон Бурхонов, ИИВ Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эрали Бозоров ҳамда вазирликнинг бошқа мутасаддилари иштирокида брифинг ва ОАВ вакиллари билан мулоқот ўтказилди. Тадбирда йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар, хусусан, барча автомототранспорт воситалари учун кундузи яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб ҳаракатланиш шарт қилиб қўйилгани ва бундан кўзланган мақсад ҳақида изоҳ берилгани бизни қувонтирди. Демак, саъй-ҳаракатларимиз зое кетмаяпти.

ca72493a667bcc7cecc949fa10be3a420530.jpg

Акрамхон БОБОХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Ички
ишлар вазири ўринбосари полковник

– Ҳаво ҳарорати +35 градусдан +50 даражагача бўладиган БАА ва Малайзияда транспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш тартиби белгиланган. Шунингдек, яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланмаслик Швецияда, миллий валютамизда ҳисобласак, 1 млн. 51 минг 836 сўм, Чехияда 732 минг 220 сўм, Эстонияда 1 млн. 887 минг 510 сўм, Руминияда 574 минг 829 сўм жарима солинишига сабаб бўлади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси regulation.gov.uz сайтида бир ойдан ортиқ вақт давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Лойиҳа билан жами 571 та фуқаро танишган, фақатгина 2 нафар одам кундузи яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш ҳақидаги моддага эътироз билдирган. 

А.Бобохонов «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 138-банди (кундузи чироқ ёқиб юриш мажбурийлиги) қайта кўриб чиқилаётганини ҳам айтиб ўтди. Бу эса жамоатчилик эътирозлари асосли эканини ҳам англатади. Чунки пухта ўйланиб ҳаётга тадбиқ қилинган қоида кучга кирганидан ой ўтмай қайта кўриб чиқилмайди. Демак, эътирозлар етарлича асосга эга.

Бизни кузатишда давом этинг, воқеалар ривожи билан таништириб борамиз.