ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Автомобиллар учун бутловчи қисмлар

Автомобиллар учун бутловчи қисмлар

Азалдан савдогарлар юрти бўлган воҳамизда кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестиция борасида кенг кўламдаги ижобий ишлар амалга оширилди. Айниқса Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси фаолияти йўлга қўйилгани вилоятимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш имкониятини яратди.

“Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси учун Ҳазорасп туманининг 2 та ҳудудидан 325 гектар бўш ер майдони ажратиб берилган эди. Қурилиш ва инфратузилма тармоқлари барпо этиш харажатларини камайтириш мақсадида ЭИЗ корхоналарини биринчи навбатда бўш турган бино ва иншоотлар негизида жойлаштириш бўйича таклифлар ўрганилиб, яна 7 та ҳудуддан 89 гектар майдон эркин иқтисодий зона ҳудудига қўшиб берилди.

Натижада “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси ҳудуди Боғот, Хива, Урганч туманларидан ажратилган майдонлар ҳисобига кенгайиб, жами 414 гектарга етди. Ўтган давр мобайнида ўндан ортиқ лойиҳа тўлиқ ишга туширилди ва сендвич панеллар, ювиш воситалари, автомобиль радиаторлари, қурилиш материаллари, тайёр трикотаж маҳсулотлари, қуёш батареялари, стерилланган бир марталик тиббиёт қўлқоплари ва пойафзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Энг муҳими, четдан келтирилаётган хом ашё ҳамда бутловчи буюмларни ўзимизда тайёрлаш имконияти тобора кенгайиб бораётир.

Бу эса ички бозорни импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдириш, саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, валюта маблағларини тежаш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлаяпти. Хусусан, автомобилсозлик саноати мисолида сўз юритадиган бўлсак, кейинги йилларда “GM Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамияти Хоразм филилада Дамас ва Лабо русумдаги автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши билан уларга зарур эҳтиёт қисмлар етказиб беришга ихтисослаштирилган ўнлаб қўшма корхоналарда маҳаллийлаштириш жараёнлари жадаллашиб бормоқда. Табиийки, бундай муваффақиятлар кенг кўламли техник ва технологик янгиланишлар, маҳаллий муҳандис-техниклар томонидан яратилаётган рационализаторлик таклифлари ҳамда амалиётга кенг жорий этилаётган инновацион лойиҳалар самарасидир.

Жумладан, Питнак шаҳридаги “Хоразм барака авто” масъулияти чекланган жамиятида биргина ўтган йилнинг ўзида автомобиллар учун 60 мингдан ортиқ овоз сўндиргичлар, ёнилғи тутуни чиқариш тизими мосламалари, каталитик нейтрализаторлар, эшиклар учун зарбга қарши балкалар, панель қисмлари ишлаб чиқарилди.

photo_2020-03-26_19-22-38.jpg

–Корхонамиз йилига 65 мингача буловчи қисмларни ишлаб чиқармоқда, – дейди корхона раҳбари Жалолиддин Низомов. – Биз асосан деталларни нуқтали, газли, яъни углерод оксидли муҳитда ярим автомат пайвандлаш орқали ишлаб чиқарамиз. Корхонамизда икки сменада ишлар ташкил қилинган. Ишчиларимиз икки маҳал иссиқ овқат, махсус кийим ва хавфсизлик анжомлари билан тўлиқ таъминланган. Айни дамда корхонамиз фақат автомабил заводига бутловчи қисмларни етказиб бермоқда. Бироқ, маҳсулотнинг асосий буюртмачи эҳтиёжидан ортган қисмини вилоятимиз ва бошқа ҳудудлардаги автомобилларга сервис хизмат кўрсатиш корхоналарига етказиб бериш имконияти ҳам бор.

Дарҳақиқат, саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бу каби корхоналар истиқболига кенг йўл очаётир.

“Хоразм барака авто” масъулияти чекланган жамиятига ёнма-ён жойлашган яна бир корхона – “Хоразм Питнак пласт” масъулияти чекланган жамиятида автомобиллар учун пластмасса бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилмоқда. 45 нафар ишчи хизматчи меҳнат қилаётган ушбу корхонада 18 турдаги бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилаётир. Малакали мутахассислар томонидан маҳсулот сифатини доимий назорат қилиш йўлга қўйилган. Шу боис бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар халқаро талаб ва андозаларга тўлиқ мос келади. Бу эса уларнинг харидоргирлигини таъминлаш, ҳамкорлар сафини кенгайтириш имконини бермоқда.

–Корхонамиз янги ишга тушурилганда 23 нафар ишчимиз бор эди, – дейди “Хоразм Питнак пласт” масъулияти чекланган жамияти бошлиғи Иномжон Абдиримов. – Айни дамда улар сони икки баравар ошган. Ўтган йили корхонамизда 9 миллиард сўмлик пластмасса бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилди. Жорий йилдан янги таҳрирдаги солиқ кодексига асосан корхонамиз фойдасида қоладиган маблағлар ҳисобига ишчи хизматчиларнинг ойлик маошлари ҳам ошди. Эндиликда маҳсулотлар турини кўпайтириб, корхонамиз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадимиз бор.

Айни кунларда корхона ҳамкорлик асосида бир қанча корхоналар ва сервис хизмат кўрсатиш шохобчаларини, шунингдек маҳаллий бозорларни ўз маҳсулотлари билан таъминламоқда. Асосий мақсад эса корхона имкониятларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш, мижозларимизга сифатли маҳсулотлар етказиб беришдан иборат бўлмоқда.

Бугунги кунда “Ҳазорасп” ЭИЗда умумий қиймати 306,3 миллион долларлик 19 лойиҳа бўйича иш олиб борилмоқда. Шунингдек, қиймати 19,5 миллион долларга тенг 5 та лойиҳа жорий йилнинг биринчи ярмида ишга туширилади ва яна 500 дан ортиқ киши доимий иш ўрнига эга бўлади. Тиббиёт тест таёқчалари, маиший техникалар учун электр двигателлар, жомадонлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Шу билан бирга, эркин иқтисодий зонада 9 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 1500 га яқин янги иш ўрни яратилади. Эркин иқтисодий зона ҳудудида алоҳида божхона режими, солиқ имтиёзларининг амал қилиши ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириб, тўғридан-тўғри сармояларни жалб қилишда муҳим омил бўлмоқда.

541
Аҳмаджон ШОКИРОВ, ЎзА