Автомобиллар кўпайди, хизмат кўрсатиш сифатичи?
Бугунги кунга келиб, ҳар бир хонадонда битта автомобиль борлигини айтадиган бўлсак, ҳеч ким ажабланмайди. Улар сони йилдан йилга ортиб бормоқда.
Бугунги кунга келиб, ҳар бир хонадонда битта автомобиль борлигини айтадиган бўлсак, ҳеч ким ажабланмайди. Улар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Мисол учун, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жисмоний шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларининг сони 2 580 133 тани ташкил этган.
2020 йилнинг февралида Президент администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистонда 3 миллиондан ортиқ транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани, уларнинг 89 фоизи енгил автомобиль эканлигини маълум қилган эди. Мамлакатнинг ички енгил автомобиль бозори 2,6 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, бу Ўзбекистон ЯИМнинг салкам 5 фоизини ташкил этади.
Албатта, автомобиллар сони ортиши уларга кўрсатиладиган сервис хизматларига ҳам талабни оширади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йилда юртимизда 1035 та автомобиллар ювиш шохобчаси фаолият юритган. Бу кўрсаткич 2018 йилга нисбатан 623 тага кўпайган эди.
Агарда уларнинг ҳудудлар бўйича кузатадиган бўлсак, бундай шохобчаларнинг энг кўпи Тошкент шаҳрида ташкил этилган. Яъни 172 та. Шунингдек, Хоразм – 105 та, Тошкент вилояти – 104 та, Фарғона – 82 та, Навоий – 82 та, Самарқанд – 80 та эканини кўриш мумкин. Бундай хизматларда энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, атиги 35 та шохобча ташкил этилган.
Қайд этиш керакки, 2019 йилда 1035 та автомобиллар ювиш шохобчаси томонидан 44,3 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилган.