ЎзА Ўзбек

21.05.2019 Чоп этиш версияси

Автомобиль чироқлари савдоси авжида: Кимлар фойда кўзлаган?.. (ВИДЕО)

Автомобиль чироқлари савдоси авжида: Кимлар фойда кўзлаган?.. (ВИДЕО)

Автомобиль чироқлари билан савдо қилувчи дўконларда харидорлар кўпайган...

Мутахассисларни фикрича, узоқ ёқилишига қарамай, куйиб қолмайдиган ёки ёниб кетмайдиган чироқларнинг ўзи йўқ. 

“Akfa Lighting” ҳам автомобиллар учун чироқлар ишлаб чиқаряптими? 


Мана ўн кундирки, Тошкент шаҳрида ҳайдовчилар қуёшнинг тиғида автомобилларининг яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юришга мажбур бўлмоқда. 

Ижтимоий тармоқларда эса қисқа туташув туфайли чироқлардан ўт чиққан автомобилларнинг суратлари “урчимоқда“. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Р.Кушербаев, А.Абдуқодиров, Ж.Пирматовлар эса йўл қоидасига киритилган мазкур ўзгариш бир қанча камчиликларга эга эканини баён қилиб, ижтимоий тармоқлар орқали бонг урмоқда.

Ҳақиқатан жазирама кунлар давомида автомобиль чироқларини ёқиб юриш ёнғинга сабаб бўладими?

Эҳтиёт қисмлар дўкони сотувчи консультантининг фикрича, автомобиллар учун мўлжалланган ҳар қандай чироқлар иссиқ кун давомида узоқ ёқиб юриш оқибатида ёнғинга сабаб бўлади. У хоҳ Хитой, хоҳ Европа маҳсулоти бўлсин, уни улаб турувчи мослама 72 мм бўлиб, у қизиб кетса, қисқа туташувдан ёнғин содир бўлиши мумкин.

Суриштирувимизга кўра, бугунги кунда автомобиль чироқлари билан савдо қилувчи дўконларда харидорлар кўпайган. Бир кунда биргина дўконда 30-40 та машина чироқлари сотилмоқда.

Шунингдек, автомобилни ўт олдириш билан ёқилиб, ўчириш билан биргаликда ўчадиган чироқлар ҳам мавжуд. Улар 3500 сўм бўлиб уларни ўрнатиш ҳам 30-40 минг сўм баҳоланади. Ҳайдовчилар чироқларни ёқиб қолдиришдан хавфсираб, ана шундай ўт олдириш билан ёқилувчи чироқларга ўтишни маъқул кўрмоқдалар. Шу кунларда эса автомобиль созловчи устахоналарда одам гавжум. Чироқлар масаласи ҳайдовчилар манзилини устахонага қаратмоқда.

“Akfa Lighting” ҳам автомобиллар учун чироқлар ишлаб чиқаряптими?

Автомобиль эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи дўконларда яқинни ёритувчи чироқларнинг 5 мингдан 200 минг сўмгача нархланувчи турлари мавжуд. Аҳолининг айтишича, мазкур қонун амалга кирмасидан аввал уларнинг нархи 10 фоизга арзонроқ бўлган.

Чироқларни ўрнатиш ўрта ҳисобда 20-30 дақиқа ва 30-40 минг сўмгача маблағингизни олади. Ҳайдовчиларнинг далолат беришича, улар чироқларни куйиб қолиши ва қайта-қайта вақт ва пул сарфланишдан азият чекмоқдалар. Янги қоида кучга кирганига 10 кун бўлганига қарамай, баъзи ҳайдовчилар чироқларни бир неча бор алмаштирганликларини таъкидлашмоқда.

Мутахассисларни фикрича, узоқ ёқилса-да, куйиб қолмайдиган ёки ёниб кетмайдиган чироқларнинг ўзи мавжуд эмас. Лекин, “Led” чироқлари махсус совитгичга эга экани сабабли қанча узоқ ёқилмасин, қизиб кетмайди. Бироқ, “Led” чироқларини ишлатиш бизда тақиқланган бўлиб, улар қарама-қарши йўлда ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчисига халақит қилади.

Яна бир маълумотларга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан бўлган “Akfa Lighting” компанияси ҳам автомобиль чироқларини эҳтиёт қисмлар бозорига олиб кирган. Улар бозорда янги бўлгани учун маҳаллий ишлаб чиқарувчи чироқларини дўконларда учратмадик.

Пиёдалар нима дейди?

Пойтахт кўчаларида бир қанча пиёдаларни суҳбатга чорлаб автомобилларнинг кундуз куни ёритилган чироқлари уларни ҳушёрликка чорлаётгани борасида сўрадик. Уларнинг кўпчилиги офтобнинг тиғида чироқларни пайқамаганликларини тан олишмоқда.

Хулоса шуки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги қарори билан йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартиришнинг айнан ҳайдовчиларни яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб юришларини талаб қилувчи қисми ҳозирда аҳоли эмас, кўпроқ чироқлар ишлаб чиқарувчилар ва эҳтиёт қисмлар билан савдо қилувчи дўкондор ва автомобиль усталарини хурсанд қилмоқда. Халқ эса кундуз куни чироқ ёқиб юришдан ҳозирча манфаатдор эмас.

31 872
Анора Содиқова, ЎзА