ЎзА Ўзбек

27.07.2018 23:55 Чоп этиш версияси

Автоматлаштириш – қулайлик, енгиллик, самара

Автоматлаштириш – қулайлик, енгиллик, самара Олмалиқ кон-металлургия комбинатида "Ишлаб чиқаришни автоматлаштиришда ахборот технологияларини жорий этиш" мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда комбинат томонидан ишлаб чиқаришни автоматлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ва режалар тўғрисида маълумот берилди. 

24.JPG

Мамлакатимизда рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан ҳисобланган Олмалиқ кон-металлургия комбинатини техник-технологик модернизация ва диверсификация қилиш, таркибий ислоҳотларни чуқурлаштириш орқали унинг рақобатбардошлигини ошириш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар юксак самара бераётгани, комбинатда ишлаб чиқаришни автоматлаштириш борасида қатор лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиши ишчилар қўл меҳнатини енгиллаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга замин яратаётгани қайд этилди.

– Айни пайтда комбинатда 35 мингга яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда, – дейди комбинатнинг ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси бошлиғи Р.Максумов. – Албатта, бундай катта жамоада аввало, меҳнат фаолиятини тўғри ташкил этиш лозим. Бу борада соҳада илғор технологиялар қўлланилаётгани, хусусан, ишлаб чиқариш жараёни босқичма-босқич автоматлаштирилаётгани яхши самара бермоқда. 

29.JPG

Маълумотларга кўра, 2015-2018 йиллар мобайнида комбинатда Мис ва 2-Мис бойитиш фабрикалари, Мис эритиш заводининг сульфат кислотаси цехи, Жиззах вилоятидаги портланд ва оқ цемент ишлаб чиқариш заводининг технологик жараёнларини автоматлаштириш, Мис эритиш заводининг янги эритиш печига автоматлаштирилган бошқарув тизимини жорий этиш каби 12 лойиҳа амалга оширилган. Бу борадаги ишларни тизимли давом эттириш юзасидан 2019-2022 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Аваз Худойқулов, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
3 498