ЎзА Ўзбек

02.12.2019 Чоп этиш версияси

Автоматик равишда қонни тозалайдиган чўнтакбоп жиҳозлар оммалашади

Автоматик равишда қонни тозалайдиган чўнтакбоп жиҳозлар оммалашади

Ўзбекистонда юқори сифатли диализ хизматларини йўлга қўйиш учун давлат-хусусий шериклиги асосида тендер эълон қилинган. Айни вақтда тендерда жаҳонда диализ бўйича бешта энг йирик глобал инвесторлар сафига кирадиган олтита халқаро оператор Германия, Швейцария, Швеция, Туркия ва Ҳиндистондаги компаниялар иштирок этмоқда. Ғолиб Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятида иккитадан, Қорақалпоғистон Республикасида битта ана шундай марказ фаолиятини йўлга қўяди.

– Бу лойиҳа Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида жорий май ойида қабул қилинган ДХШ тўғрисидаги қонунга мувофиқ амалга ошириладиган биринчи, ДХШ соҳасида эса иккинчи лойиҳа ҳисобланади, – дейди Давлат-хусусий шериклиги агентлиги директор ўринбосари Нодир Нуриддинов. – У 10 миллион долларгача тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларни жалб қилишда қўл келиши кутилмоқда.

Шу боис тендер бир неча босқичда ташкил этилди. Биринчисида қатнашиши мумкин бўлган компаниялар саралаб олинди. Шу тариқа тўққиз компаниядан олтитаси танлаб олинди.

Энди уларнинг техник ва молиявий аҳволи қараб чиқилмоқда. Яъни бу талабгорлар берган таклиф техник жиҳатдан кўриб чиқилади. Сўнгра молиявий аҳволи, бунда ҳар бир муолажага улар таклиф қилаётган нархи ўрганилади ва ҳужжатлар берилади.

Февралнинг охирига қадар уларнинг таклифлари қабул қилинади ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларни ҳар бирини кўриб чиқиб, 60 кунда ғолибни аниқлайди.

Тўғриси, тажриба тариқасида ташкил этиладиган бу марказлар кичикроқ бўлади ва ҳаммаси бир кишига берилади. Чунки, ДХШ дастурлари одатда узоқ муддатли бўлиб, ўртача 20, узоғи билан 49 йил давом этади. Бунда хусусий шерик ўз пулларини узоқ муддатга қўйиши учун лойиҳа жозибадор бўлиши керак. Йўқса, ширкатлар қизиқмаслиги мумкин.
Агарда бу тадбирлар яхши самара берса, келгусида бошқа вилоятларда ҳам йирик марказлар қурилиши мўлжалланмоқда.

Қайд этиш жоизки, бизда даволаш усулларида айрим чекловлар мавжуд. Янги марказларда булар қамраб олиниб, замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлади. Мисол учун, жаҳонда кенг қўлланиладиган марказга бормасдан чўнтагида олиб юрадиган, автоматик равишда қонни тозалайдиган кичик жиҳозлар бор. Ишлатишни ўрганган одам кичкина бу жиҳозни чўнтагига солиб ўқишга, ишга бемалол бориши мумкин. Шу тариқа бу марказлар орқали буйрак хасталигининг сўнгги босқичидаги 1100 дан зиёд бемор, жумладан, болалар энг илғор халқаро амалиётга мос диализ хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Ҳозирда юртимизда гемодиализ оладиган 2 минг 700 нафардан ортиқ беморлар мавжудлигини ҳисобга олсак, уларнинг тўлиқ қамраб олиш имконияти янада ошади

1 565
Сайёра ШОЕВА, ЎзА