ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Автобусларни қишки мавсумга тайёрлаш чоралари кўрилмоқда

Автобусларни қишки мавсумга тайёрлаш чоралари кўрилмоқда

Қиш мавсумида йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг техник ҳолати – габарит чироқларининг соз бўлиши, иситиш, тормоз тизимлари ҳамда ғилдираклари яроқли ҳолда юришига ҳайдовчилар ва масъул ходимлар бевосита жавобгар ҳисобланади.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимларининг навбатдаги тарғибот суҳбатлари йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг қиш мавсумига тайёргарлигига бағишланда. Вилоят ҳудудида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда уларнинг олдини олиш чора-тадбирлари бўйича тарғибот суҳбатлари ўтказилди.

Ходимлар йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ва масъул ходимларига йўлларда ҳаракатланишда амалдаги тартибга риоя этиш, айниқса йўлни кесиб ўтаётган ёки йўл четида кетаётган пиёдаларга ҳушёр бўлиш, транспорт воситасини тегишли ҳужжатлар билан техник соз ҳолда бошқариш, йўловчиларни ташишда муомала маданиятига риоя этиш, транспорт воситасининг иситиш ва тормоз тизимларига, шиналарига, қолаверса захира шиналарнинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги хақида қўшимча тушунтиришлар бериб ўтилди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, қишки вақтларда газда ишловчи автобус ва микроавтобуслардаги газ трубкаларининг музлаб қолиши, ўт олдириш свечаларининг фойдаланиш муддати тугаб қолиши натижасида ёки бошқа бир сабаб билан йўлда қолиб кетиш, совуқ кунларда, албатта, ачинарли ҳол.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, масъул ходимлар ва ҳайдовчилардан йўловчи ташувчи транспорт воситаларини қишки мавсумга тайёрлаш чоралари кўрилишини сўраб қоламиз.

Рустам АСҚАРОВ,
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ 
Матбуот бўлинмаси бошлиғи.

881
ЎзА