ЎзА Ўзбек

25.07.2018 13:01 Чоп этиш версияси

Австриянинг “Parsalpine Gmbh” компанияси Сурхондарёга сармоя киритмоқда

Австриянинг “Parsalpine Gmbh” компанияси Сурхондарёга сармоя киритмоқда
Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов Австриянинг “Parsalpine Gmbh” компанияси раҳбари А.Рамзаний билан учрашди.

Мулоқотда вилоятнинг бой ер ости ва ер усти табиий ресурслари, инвестициявий қулай муҳит ва хорижлик тадбиркорларнинг ўз бизнесини кенг йўлга қўйиши учун яратилган шароитлар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Айни пайтда мазкур компания Музработ туманида 35 миллион доллар қийматидаги юқори сифатли кетчуп ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда. Шунга асосан учрашувда янги корхона ва музлатгич қурилишида олиб борилаётган буёдкорлик ишлари, бир гектар майдонда ташкил этилган замонавий иссиқхона фаолияти, хориждан келтирилган ва 6 минг тонна маҳсулот сақлаш қувватига эга музлатгич жиҳозларининг имкониятлари ҳақида сўз юритилди. Вилоятда йирик лойиҳани рўёбга чиқариш юзасидан имзоланган меморандумга мувофиқ, туманда яна қўшимча 15 миллион долларга тенг тайёр текстиль ва оҳакдан сифатли қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
4 804