ЎзА Ўзбек

08.02.2016 12:21:32 Чоп этиш версияси

Авиаташувлар тизими такомиллашмоқда

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳамкорлигида авиаташувлар бозорини ривожлантириш ҳолати ва истиқболларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори В.Тян, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Пардаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соҳада амалга оширилаётган модернизация ишлари самарасида миллий авиакомпаниямизнинг жаҳон авиаташувлар бозоридаги ўрни мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.

Хавфсизлик, йўловчи ва авиация техникаси сервисининг сифатини ошириш, юқори малакали кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Авиакомпания технологик базаси янгиланиб, аэропортлар ва объектлар техник таъминоти такомиллаштирилмоқда.

2015 йилда миллий авиакомпания ҳаво лайнерларида 23 минг 269 қатнов амалга оширилган. Авиакомпания хизматларидан 2 миллион 572 минг 289 йўловчи фойдаланган. Навоий шаҳридаги халқаро интермодал логистика марказидан Франкфурт, Милан, Вена, Дубай, Сеул, Шанхай, Ханой, Деҳли, Мумбай шаҳарларига юк қатновлари амалга оширилмоқда.

“Uzbekistan Airways Technics” авиакорхонасида самолётларнинг композит материалларини таъмирлаш маркази очилди. Жорий йилнинг кузида ҳаво лайнерларининг энг замонавий авлодига мансуб иккита Boeing-787 Dreamliner самолёти олиб келинади. Янги “Тошкент-4” йўловчи терминалининг қурилиши устида иш олиб борилмоқда.

Давра суҳбатида соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш, бу борада жамоатчилик ва депутатлик назоратини амалга ошириш муҳим вазифалардан эканлиги таъкидланди.