ЎзА Ўзбек

14.08.2018 14:36 Чоп этиш версияси

Авиачипта учун тўланган 1 миллион 835 минг сўм маблағ истеъмолчига қайтарилди

Авиачипта учун тўланган 1 миллион 835 минг сўм маблағ истеъмолчига қайтарилди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Шаҳрисабз тумани Нушкент қишлоғида яшовчи фуқаро М.Файзуллаев ариза билан мурожаат қилди. Мурожаатда шаҳардаги “Utair aviation” компаниясига тегишли бўлган авиакассадан 1 миллион 835 минг сўмга авиачипта сотиб олганлиги, лекин саломатлиги ёмонлашгани боис, Россияга ишлаш учун бориш имконияти йўқлигини айтиб, чипта учун тўланган пулларни қайтариб беришини сўраган. Бироқ, авиакасса ходимлари томонидан авиачипта учун тўланган пуллар қайтариб берилмаган. Фуқаро ушбу ҳолатни бартараф этишда жамият ходимларидан кўмак сўраган.

Жамият масъул ходимлари иштирокида ташкил этилган ўрганишлар жараёнида М.Файзуллаевнинг соғлиги ёмонлашгани сабабли Россияга боролмаётгани, бу ҳақда тиббиёт маълумотнома борлиги, шунга қарамай, авиакасса ходимлари томонидан унинг талаби рад этилиб, чипта учун тўланган пуллар қайтарилмаётгани маълум бўлди.

Жамият ходимларининг авиакасса ходимларига ушбу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари бузилганлигини тушунтириши натижасида чипта учун тўланган пул истеъмолчига тўлиқ қайтариб берилди.

ЎзА
7 583