ЎзА Ўзбек

07.08.2018 16:38 Чоп этиш версияси

Август – ғўза парваришида муҳим палла

Президентимиз раислигида жорий йил 31 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ғўза ривожини жадаллаштириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, амалга оширилиши зарур бўлган ишлар юзасидан ташкилий чора-тадбирлар белгиланди.

Пахтакорларнинг кўп йиллик кузатиш ва тажрибасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, август – ғўза парваришида муҳим палла. Бу даврда бой берилган бир дақиқа, ўз вақтида ўтказилмаган агротехник тадбир ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади.

Андижон вилояти Пахтаобод туманида ҳам ушбу жараёнга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Шоядбек Мавлонов раҳбарлик қилаётган сектор ҳудудидаги "Охунбобоев" ва “Ҳақиқат” массивлари далаларида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ.

“Ҳосилга-ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги” доирасида массивлардаги 1165 гектар майдонда агротехник ва зараркунандаларга қарши курашиш тадбирлари сифатли ўтказилди. Ғўза қатор ораларига ишлов бериш, “шарбат” усулида суғориш, чилпиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Ҳар бир гектар ер ўртача 5-6 тонна маҳаллий ўғит – “шарбат” билан тўйинтирилди. Бунинг натижасида 583 гектар майдондаги ғўза 10 тадан ортиқ кўсак тугди. Ривожланиш, агротехник тадбирларни ўтказишда ортда қолаётган фермерларга алоҳида топшириқлар берилиб, тунги суғориш ва культивация ишлари сифатли бажарилиши назорат қилиб борилмоқда.

Шу кунларда ғўзанинг ҳолатидан келиб чиқиб, учинчи, тўртинчи сув берилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳосил тугиш даврида суғориш давомийлиги 16-18 соатдан ошмаслиги керак. Шунда ер ҳам тезда тобга келади, ортидан культивация қилинади. Шу кунгача механизаторлар ғўза қатор ораларига 10 марта ишлов берди. Экинни баргидан озиқлантириш усули ҳам эътибордан четда қолгани йўқ.

– Хўжалигимизнинг 25 гектар пахта майдонида ғўзанинг “Андижон – 36” нави парваришланмоқда, – дейди массивдаги “Зулфизар Абдураҳимова” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Мирзаев. – Айни кунларда чилпиш ишлари олиб борилмоқда. Бу йил кўпгина далалардаги ғўза ниҳолларига зараркунанда ҳашаротлар жиддий зарар етказди. Ана шундай кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун зараркунандаларга қарши курашиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Аксарият фермер хўжаликларида ғўза ривожини жадаллаштиришга ёрдам берувчи биостимуляторлардан кенг фойдаланилаётгани ҳам яхши натижа бермоқда. Фермер, механизатор ва сувчиларнинг самарали иш олиб бориши учун даланинг ўзида зарур шароит яратилган.

Президентимиз таъкидлаганидек, пахта бизга режани бажариш учун эмас, иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини ошириш, турмуш даражасини яхшилаш учун керак. Ахир биз хомашё етказиб берувчи эмас, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, хорижга экспорт қилувчи мамлакатга айланганмиз.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
6 276