ЎзА Ўзбек

16.07.2018 20:42 Чоп этиш версияси

Ҳавасга лойиқ Xовос

Яқинда сирдарёлик ёшлар билан учрашиш, жойларда амалга оширилаётган маданият ва спорт соҳасидаги ишлар билан танишиш мақсадида сафарда бўлдик. Ҳа, юртимизда Ҳаракатлар стратегиясига биноан ҳамма соҳаларда катта ўзгаришлар, юксалишлар содир бўлаётир. Биз ўзимиз рўй бераётган бунёдкорлик ичида бўлганимиз сабаб гоҳо жараён шиддатини ҳис қилолмай ҳам қоламиз.

Сирдарё вилоятида қад ростлаган янги иншоотлар, Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон музейи билан танишарканмиз, вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев мазкур масканни янада бойитиш учун кўрилаётган чоралар, маданий обидаларни асраб-авайлаш зарурати ҳақида гапириб, “Кўҳна Ховос: мозийдан садо” ҳамда “Кўҳна Ховос археологик ёдгорлиги” рисолаларини қўлимизга тутқазди. Шу кунгача қилинган кўп ва хўб хайрли ишларга хайрихоҳ бўлиб, кўнглимиз ёруғ тортиб, рисолаларни варақлаганча устоз Тўра Сулаймон мангу қўним топган манзилга – Сайхунободга йўл олдик. Марҳумларнинг, айниқса, улуғ аждодларнинг сўнгги манзил-мароҳили обод, руҳлари шод бўлгандагина мамлакат равнақ топиши, фалакдан юртга қут ва барака ёғилиши қадим ўзбекона ақидадир. Вилоятда қабристон-хилхоналарни обод этишга катта маблағ ажратилиб, бугун-эрта яна савоб амалларни авж олдириш режаси бор экан.

“Гиёҳ билан қопланмиш кўҳна қабр бошлари,

Майсадаги шудринглар – кимларнинг кўзёшлари?

Бу ерда ётар отам ҳам узангидошлари,

Ҳар баҳор эслар уни қавми қариндошлари,

Баҳор, кетма менинг боғимдан!”

Юртимиздаги каттаю кичикка ёд бўлиб кетган ушбу сатрлар шоирнинг қабр тошига ҳам ўчмас қилиб битилган. Устознинг руҳи покларига тиловат бағишлаб, қабристонни ободонлаштиришга саъй-ҳаракатлар бошлаган барча саркор мутасаддиларни алқаб ўтдик.

Айримларнинг тасаввурида Сирдарё яйдоқ чўлда қад ростлаган вилоят. Лекин астойдил зиёрат қилмоқчи бўлганлар бу табаррук заминда не-не улуғ зотларнинг қадамжолари борлигини яхши билади. Айниқса, Ховосдаги Карвонсарой маҳалласида қайта оҳор топган “Хасти бузургон” зиёратгоҳи нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлардан келаётган зиёратчилар билан гавжумлашиб бораётганидан беҳад қувондик. “Хасти бузургон” зиёратгоҳи Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг саҳобаларидан бири саналган Бобо Жобир номи билан боғлиқ экан. У кишининг етти укаларидан бири Жиззахдаги Хўжамушкент қишлоғида дафн этилгани ва “Хўжамушкент ота” зиёратгоҳи муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан кўп йиллар аввал қайта қурилиб, жуда кўркам масканга айлантирилганидан хабар топдик. Ҳар қадамда улуғ зотлар ётган заминда яшаётганимиздан ифтихоримиз ортди.

Кўз ўнгимизда нафақат Сирдарё вилоятининг, балки бутун Мирзачўлнинг энг қадимий ва йирик археологик ёдгорлиги сифатида таърифланган кўҳна Ховос шаҳри хароблари. Рисолаларда қайд этилишича, қадимги Уструшона ўлкаси таркибига кирган бу манзилгоҳнинг умумий майдони ўн икки гектардан иборат. Ёдгорликнинг арк ва шаҳристон қисми деярли тўлиқ сақланиб қолган, работ қисми эса ерни ўзлаштириш жараёнида бутунлай бузилиб кетган. Арк ёдгорликнинг шимоли-ғарбида жойлашган, унинг майдони бир гектардан ошиқроқ, баландлиги йигирма метрга яқин.

2003 йилда олиб борилган тадқиқотлар натижасида бу ерда милоддан аввалги III асрнинг биринчи ярмига оид илк эллин даври девори қолдиқлари очилган экан. Айни шу жойдан Искандар Мақдуний аскарларига тегишли, дея тахмин қилинган осори-атиқалар ҳам топилган. Ховос қалъаси не-не истилолардан, неча-неча босқинлар оловларидан омон чиққан самандар қўрғон.

Кейинроқ олиб борилган тадқиқотлар давомида милоддан аввалги IV-III асрларга оид деворлар ва сопол буюмлар топилгач, Ховоснинг ёши 2500 йилларга тобинлиги аниқланган. Ўша даврлардаёқ гуллаб-яшнаган кент милоддан аввалги II асрда шаклланган Буюк Ипак йўлининг асосий манзилларидан бири бўлганлиги табиий.

Ўрта асрлар ёзма манбаларида келтирилишича, Самарқанддан шарққа йўналган Буюк Ипак йўлининг бир тармоғи Куркат орқали Хўжанд ва Фарғонага, сўнгра Хитойга, иккинчиси Сирдарё кечувидан кейин шимолга, Шоҳрухия шаҳрига ва ундан ўтиб Чоч пойтахти Бинкатга борган. Ховос мана шу йўналиш марказида бўлган.

IX асрда яшаб ўтган Ибн Хўрдодбек ўзининг машҳур “Йўллар ва мамлакатлар китоби” асарида Ховосдан қўшни ҳудудларгача ва улардан Ховосгача бўлган масофалар ҳақида тўхталиб ўтади. Қадимги Ховос ҳақидаги қимматли маълумотлар X аср муаррихлари Қудома, Ибн Руста ал-Истаҳрий, Ибн Хавқал асарларида ҳам учрайди.

Низомиддин Шомийнинг машҳур “Зафарнома”сида қайд этилишича, Соҳибқирон Амир Темур ва Амир Ҳусайн ўртасидаги кўплаб тўқнашувлардан бири 1367-1368 йилларда айнан Ховосда кечган. Мазкур муҳорабада Соҳибқирон қўшини сон жиҳатдан анча устун бўлган душман қўшинини тор-мор этади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” асарида Умаршайх Мирзо тавсифи келтирилган саҳифаларда шундай маълумотга дуч келамиз. “Яна бир Султон Аҳмад мирзо била Шоҳрухия ва Ўратепа орасида Хавос деган кентта урушиб мағлуб бўлди”.

Тарихда Ховос теграсида жуда кўп жанги жадаллар кечгани, бу ерда ҳукмронлик қилишга интилган саркардалар кўп бўлгани унинг ғоят муҳим тарихий стратегик аҳамиятга эга эканидан далолатдир.

Археологик ёдгорлик харобаларини кўздан кечирарканмиз, тасаввурларимизни “Кўҳна Ховос” рисоласидаги маълумотлар тўлдириб боради:

Топилмалар орасида милоддан аввалги VI-IV асрларга оид Эйлатон маданиятига мансуб ангоб билан безак берилган идишлар ҳам бўлиб, улар кўҳна Ховос ҳамда Фарғона ўртасида яқин алоқалар йўлга қўйилганини тасдиқлайди. Бундан ташқари, Чоч ва Сўғд билан ҳамкорликни далилловчи бир қатор ноёб топилдиқлар ҳам мавжуд.

Бундан ташқари, илмий экспедициялар давомида махсус симоб кўзача, баландлиги камида бир метрлик озиқ-овқат сақлаш учун мўлжалланган хумлар топилган. Милоддан аввалги III-II асрларга оид Анахита ҳайкалчаси, XII асрга тегишли Ҳумо қуши тасвири туширилган чироқ дастасининг қўлга киритилиши алоҳида диққатга сазовор.

Ҳосилдорлик рамзи Анахита ва эзгулик тимсоли Ҳумо акс этган буюмларнинг кенг тарқалгани азалдан аждодларимиз бунёдкорлик ғоялари билан яшаганлигини такрор тасдиқлайди.

– Қадим Ховосда ишлаб чиқарилган сопол ва темир буюмлар сифат жиҳатдан Бақтрия, Фарғона ва Сўғдда тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотларидан қолишмайди, бу ерда меъморчилик санъати ўзига хос услубда ривожланган, – дейди Ховос тумани ҳокими Раҳимжон ака Бобоев жўшиб. Диққат-эътибор билан тинглаётганимизни кўриб фикрларини давом эттиради. – Сизот сувлар яқинлиги туфайли ёдгорликнинг энг қуйи, қадимий қатламларига етиб бориш имкони бўлмади. Шунинг учун экспедициялар ҳам тўхтаб турибди. Ён-атрофдаги зовурларни тозаласак, зах қочиб, тадқиқотлар яна давом этади...

Археологларнинг таъкидлашича, Ховос манзилгоҳи стратиграфик жиҳатдан кўҳна Уструшона учун эталон ёдгорлик ҳисобланади, чунки ҳудуддаги бошқа қадимий ёдгорликлардан фарқли ўлароқ, унинг маданий қатламларида даврий узилишлар кузатилмайди. Оддий қилиб айтганда, бу ерда муттасил ҳаёт қайнаган, маданият равнақида узилиш бўлмаган.

Яқин-яқингача ҳам қирққа яқин хўжалик Ховостепада истиқомат қилган экан. Ховос қалъаси, унинг одамлари, уйлари, кўчалари ва ҳовузчаларини акс эттирувчи расмлар номаълум фотограф томонидан суратга олинган. Тадқиқотчилар ушбу фотосуратлар чор Россиясининг машҳур фотографи С.М.Пркудин-Горскийга тегишли деган фикрда. Ҳозирда унинг 2500 фотосуратдан иборат коллекцияси АҚШ Конгресси кутубхонасида сақланмоқда. Бизга тақдим этилган рисолалардаги фотосуратлар Россиянинг “Контрагентства А.С.Суворина и Ко” нашриёти томонидан 1915 йилда почта карточкалари шаклида чоп этилган экан. Улар айни пайтда Санкт-Петербургдаги Президент кутубхонасида сақланмоқда.

Ховос археологик ёдгорлигини қадамма-қадам кезиб, маълумотларни тинглаб, рисолаларни варақлаб, давлатимиз раҳбарининг туризм ривожи йўлидаги ислоҳотлари қанчалар муҳимлигини янада теран англадик. Ахир узоқ-яқиндаги давлатлар юз йил нари-берисидаги тарихини кўз-кўзлаб миллионлаб сайёҳларни мамлакатларига жалб қилиб, катта маблағ топаяпти. Бизда ҳали тўлиқ ўрганилмаган қанчадан-қанча мингйиллик маданий ёдгорликларимиз ўз тадқиқотчиларию сайёҳларни кутиб ётибди.

Тупроқ остидаги шонли тарихимизни юзага чиқарсак, оламга кўрсатсак, туризм равнақи ортидан минглаб оилалар фаровонлиги ортади. Мана шундай манзилгоҳларга инвесторларни жалб қилсак, инфратузилма яратилса, минглаб янги ишчи ўринлари пайдо бўлса, энг чекка ҳудудларимиз ҳам янада гуллаб яшнарди. Бошқа улкан ёдгорликларни-ку қўятуринг, Ховостепадан топилган биргина йигирма икки асрлик юнон сопол қадаҳларини кўриш Овропа аҳлига, албатта, қизиқ.

Тепаликни кезарканмиз, оёқ остимизда сочилиб ётган, қачонлардир аждодларимизнинг муборак қўллари теккан сопол буюм парчалари “мен билан тиллаш, бағримдаги сирли битикларни ўқи, болам”, деяётгандек. Ҳа, ҳар бир тарихий ашё олис боболардан бизларга йўлланган азиз мактублардир.

Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси раиси.

ЎзА
10 876