ЎзА Ўзбек

16.08.2018 15:40 Чоп этиш версияси

Ҳавас қилса арзигулик уй-жойлар

Ҳавас қилса арзигулик уй-жойлар
Ҳовлида ўн олти жон, тиббий кўмакка муҳтож фарзанди билан ўта оғир шароитда яшаётган Зулфия опа алоҳида, шинам, барча қулайликларга эга уйнинг соҳибаси бўлишни ҳатто орзу қилмас эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эндиликда мамлакатимизда қад ростлаётган намунали лойиҳалар асосидаги кўп қаватли турар-жойлар ҳамюртларимиз учун кутилмаган, тушда ҳам кўрмаган ажойиб совға бўлди.

Мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг Тошкент шаҳрининг шиддат билан ўзгариб бораётган қиёфаси барчани мамнун этиши баробарида, эндиликда уни наинки юртимизга хориждан келган меҳмону сайёҳлар, балки умри шу азим шаҳарда кечган одамлар ҳам сира таний олмаяпти. Кечаги кўзимизга таниш манзарадан энди асар ҳам қолмаган. Янги-янги, муҳташам, чиройли уйларни кўриб кўз қувнайди. Ўзбекистонда бу борада тўпланган ижобий тажриба ибрат олишга арзигулик намуна сифатида хорижда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Президентнинг 2016 йил 22 ноябрда қабул қилинган “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори наинки қурилиш ва шаҳарсозлик соҳаси, балки узоқ йиллар мобайнида оғир шароитларда яшаётган одамлар, кўмакка муҳтож ёш оилалар ҳаётини янги ўзанга солиб юборди.

Қарорга мувофиқ, “Ўзшаҳар қурилиш инвест“ инжиниринг компанияси арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилишга оид лойиҳа-смета ҳужжатларини расмийлаштириш, бунёдкорлик ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига оид техник назоратни амалга ошириш ва бошқа масалалар бўйича бош буюртмачи этиб белгиланди.

Ушбу компания томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури доирасида 2017 йилда мамлакатимиз бўйича 7919 хонадондан иборат бўлган 191 та кўп квартирали уйлар қуриб фойдаланишга топширилган бўлса, 2018 йилда 17 минг 411 хонадонли 423 кўп қаватли арзон уйлар қурилиши кўзда тутилган.

Дастур доирасида Тошкент шаҳрида ўтган йили 4088 хонадондан иборат 102 та кўп қаватли уйларда уй тўйлари нишонланган, жорий йилда 7278 хонадонли 184 та арзон кўп қаватли уйлар барпо этилиб, фойдаланиш арафасида турибди.

Ана шундай эзгу ташаббуслар сабабли эндиликда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида қад ростлаган кўп қаватли уйлардан кўз қувнайди. Қурилиш-муҳандислик соҳаси мутахассисларининг фикрича, ушбу уйларни бунёд этишда асосан маҳаллий қурилиш материаллари қўлланилган. Шу билан бирга, шамол йўналиши, қуёш нурининг тушиши, зилзилабардошлилик каби жиҳатлар ҳам муҳандис-қурувчиларнинг эътибор марказида бўлгани диққатга сазовор. Квартираларнинг кенг ва шинамлиги, муҳандислик-коммуникация, иситиш-совитиш тизимларининг мукаммаллиги ҳам уларнинг афзаллик жиҳатларидан саналади.

Давлатимиз раҳбарининг ғоя ва таклифи асосида 2018 йилдан бошлаб янги барпо этилаётган арзон кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватида поликлиника, мактабгача таълим муассасаси, уй атрофида эса мактаб, болалар майдончалари ҳам қурилаётгани одамларнинг оғирини енгил қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бунёдкорлик ишлари баробарида бу ерда теварак-атрофни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Дастур доирасидаги бу каби намунали лойиҳалар асосидаги арзон кўп қаватли уй-жойлар пойтахтимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам барпо этилмоқда.

– Президентимизнинг одамлар ислоҳотларнинг ширин меваларини олис келажакда эмас, бугун кўришни хоҳлайди, деган гапларига эндиликда барча ҳамюртларимиз гувоҳ бўлмоқда, – дейди нуроний отахон Ҳамидулла Ибодов. – Халқнинг оғирини енгил қилиш, орзу-мақсадларига елкадош бўлиш бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсад-муддаосини ташкил этади. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, қийналиб қолган оилалар учун намунали лойиҳалар асосида қад ростлаётган арзон кўп қаватли уй-жойлар бунинг амалдаги ёрқин намунасидир.

Дарҳақиқат, кечаги манзара бугун буткул ўзгача. Янги бунёд этилган муҳташам уйлар, боғчалар, истироҳат боғлари, болалар майдончалари, спорт мажмуаларидан кўз қувнайди. Буларнинг бари – истиқлолнинг тенгсиз неъматлари. Уларни асраб-авайлаш, қадрига етиш, тинч ва осуда, тўкин, фаровон кунлар учун шукроналик туйғуси билан яшаш эса бурчимиздир.

Н.Усмонова, ЎзА
8 209