ЎзА Ўзбек

21.01.2019 16:08:34 Чоп этиш версияси

“Aurum 898” тунги клубида рўй берган қотиллик юзасидан суд жараёни бошланди


Суд залидан

2019 йил 21 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Ш.Қиличов, С.Камолдинов, А.Ҳамроев ва Ж.Ёрқуловларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бошланди.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А.Нишонов ва М.Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.

– Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган Ш.Қиличов “Aurum 898” тунги клубида қўриқчи бўлиб ишлаган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов. – Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланаётган С.Камолиддинов ҳам шу клубда қўриқчи бўлиб ишлаган. А.Ҳамроев ва Ж.Ёрқуловлар ҳам шундай вазифани бажарган. Суд жараёнида мазкур шахсларга нисбатан жиноий иш кўрилаётганлиги эълон қилинди.

Суд томонидан суд жараёни иштирокчиларининг ҳозир бўлгани текширилди, суд таркиби, томонлар эълон қилинди, рад қилиш ҳуқуқи тушунтирилди, судланувчиларнинг шахси ва уларга айблов хулосаларининг нусхалари берилган вақт аниқланди. Иш бўйича судланувчилар ва томонларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тушунтирилди.

Суд мажлисининг тайёргарлик қисми илтимосномалар бор-йўқлиги тўғрисидаги масалани аниқлаш билан якунланди. Сўнгра раис томонидан суд тергови бошланганлиги эълон қилинди.

Давлат айбловчиси айблов хулосасини ўқиб эшиттирди.

Далилларни текшириш тартиби белгиланди. Бу жараён давомида судланувчилар, жабрланувчи, гувоҳлар ва экспертларнинг кўрсатмалари тингланади. Шунингдек, ушбу иш бўйича тўпланган бошқа далиллар текширилади.

Судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Суд жараёни давом этмоқда. Суднинг кейинги мажлиси 23 январь соат 11.00 да бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Aurum 898” тунги клубида 2018 йил 8 август куни тунги вақтда клубга келган мижоз ва клуб қўриқчилари ўртасида муштлашув рўй берган эди. Муштлашув оқибатида спортчи, яъни эркин курашчи Жамшид Кенжаев вафот этган эди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тунги клубнинг тўрт нафар қўриқчиси эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.