Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 20:21 Чоп этиш версияси

Атроф-муҳит муҳофазасига барча масъул

Атроф-муҳит муҳофазасига барча масъул
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслар, жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, суви муҳофаза қилинадиган зоналар тартиб-қоидаларига риоя этишни таъминлаш, мазкур соҳада юридик ва жисмоний шахслар масъулиятини оширишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ва Қонунчилик палатасига Бухоро вилоятидан сайланган депутатлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов олиб борган мулоқотда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

– Мамлакатимизда сувдан оқилона фойдаланиш, турли экологик муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Собиров. – Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Ушбу ҳужжатга асосан, маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилди. Мазкур тизим маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш қамровини тубдан кенгайтирди. 

Афсуски, ҳали жойларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар бор. Аҳоли ва юридик шахсларнинг маиший, қурилиш, тиббий, биологик чиқиндиларни белгиланган жойларга ташламаслиги ноқонуний чиқиндихоналар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Соҳада олиб борилган мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жойларда санитар ва экологик ҳолат ёмонлашувига чиқиндиларни майдонлар, кўчалар, суғориш тармоқлари ичига, суви муҳофаза қилинадиган зоналарга, дарё бўйларига, аҳолининг маданий-маиший дам олиш ҳудудларига ташланаётгани сабаб бўлмоқда. Масалан, Ғиждувон туманининг “Барака” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи Жилвон канали атрофида ўзбошимчалик билан ноқонуний ҳолда чиқиндихона ташкил этилган. Бу ерда йиллар мобайнида қурилиш чиқиндиларидан тортиб, тиббиётда қўлланилган турли буюмлар, чорва молларининг қолдиқларигача уюм бўлиб қолган. Бу маҳаллий ҳокимият, маҳалла фаоллари, санитария-эпидемиология хизматининг муаммога бефарқ қараб келганидан далолат беради. Ўрганишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилиши натижасида бу ердан 2 минг тонна чиқинди белгиланган жойга олиб чиқилди. 

Қонунчиликда рухсат этилмаган жойларга чиқинди ташлаганлик учун шахсларни жавобгарликка тортиш механизми мавжуд эмаслиги бу каби ҳолатларга замин тайёрлаётгани таъкидланди. Бу эса “Чиқиндилар тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунига фуқаролар томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштириш ва чиқариб ташлашни тақиқловчи норма киритиш зарурлигини тақозо этмоқда. Юридик шахсларга аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига, йўл чеккаларига, йўлларнинг қатнов қисмига қурилиш, маиший чиқиндилар ташланиши ва жойлаштирилишининг олдини олиш мажбуриятини белгилаш лозим. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга рухсат этилмаган жойларга қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндилари ташлаш, суюқ чиқиндиларни тўкканлик учун жавобгарликни оширишни назарда тутувчи норма киритилиши ҳам муайян натижа беради.

Тадбирда яна бир оғриқли масала хусусида сўз юритилди. “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг 41-моддасига асосан, суви муҳофаза қилинадиган зоналарнинг, соҳилбўйи ҳудудларининг, сув объектлари санитария муҳофазаси зоналарининг ҳамда ерусти ва ерости сувлари ҳосил бўлиш зоналарининг режими, яъни соҳилбўйи минтақаларида сув хўжалиги объектларини қуришдан ташқари ҳар қандай турдаги қурилиш тақиқланган. Лекин жойларда қонуннинг мазкур талабига риоя этмаган ҳолда, суви муҳофаза қилинадиган минтақаларда яшаш учун мўлжалланган бинолар, умумий овқатланиш объектлари ва бошқа қурилишлар амалга оширилган.

Ўрганишлар давомида Ғиждувон туманидан оқиб ўтувчи Пермас, Қалқонрўд каналлари ва Мавланиён коллектори суви муҳофаза қилинадиган зоналарда аҳоли ва ташкилотлар томонидан 50 дан ортиқ уй-жой, овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлар қурилгани аниқланди.

Тадбирда юқорида қайд этилган ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этишда жамоатчилик назорати фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, аҳолининг экологик-ҳуқуқий билимини бойитиш, масъулиятини ошириш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга эканига алоҳида эътибор қаратилди.

Тегишли ташкилотлар, жумладан, назорат органлари раҳбарларининг ахбороти тингланди. Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ундан тежамкорлик билан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслар, жумладан, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. 

Эркин Ёдгоров, ЎзА