Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.03.2017 12:54 Чоп этиш версияси

Атроф-муҳит муҳофазасида фуқаролар йиғинларининг роли

Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси фаолияти самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзуида семинар ташкил этилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ҳамда Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида “Логос” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган “Обод маҳалла ҳар бир фуқаронинг, жамиятнинг ва мамлакатнинг ғамхўрлигидир” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Мамлакатимизда экологик муаммоларнинг олдини олиш ва ҳал этиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда жамоатчилик иштирокини кучайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда ва экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятини мувофиқлаштиришда фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси муҳим аҳамият касб этади. Мазкур комиссия ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар спорт майдончаларини ташкил этиш ва асраш, моддий маданий мерос объектларини яроқли ҳолда сақлаш, дафн этиш жойларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва яроқли ҳолда сақлашга доир ишларда аҳолининг ихтиёрий равишда қатнашишини ташкил этади, ҳашарлар уюштиради.

Атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклашга, мавжуд экологик муаммоларни ҳал этишга кенг жамоатчиликни жалб қилиш ва экологик маданиятни юксалтириш орқали эришиш мумкин.

Семинарда экологик назорат соҳасида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги, атроф-муҳит соҳасидаги қонунлар талабларининг бажарилиши ва ушбу йўналишдаги давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг ўзаро ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
3 579






Все о погоде - Pogoda.uz