ЎзА Ўзбек

11.12.2018 18:28 Чоп этиш версияси

Атом энергетикаси Ўзбекистонга нима учун керак?

Атом энергетикаси Ўзбекистонга нима учун керак?
Сўнгги 20 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши қарийб 2,5 баробар кўпайди ҳамда 2017 йил якунига кўра, 33,5 фоизни ташкил этди. 2001 йилда бу кўрсаткич 14,1 фоиз эди.

Мамлакатимизда саноатнинг кимё, нефть-кимё, электротехника, машинасозлик, қора ва рангли металлургия, металларни қайта ишлаш каби замонавий тармоқлари жадал ривожланмоқда. Уларнинг барчаси катта ҳажмдаги энергия ресурсларини талаб этади. 2000 йилда республикамизда умумий электр энергияси истеъмолида аҳолининг улуши 13,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич қарийб икки баробар ортиб, 26,5 фоизни ташкил этмоқда. 

Кўриниб турганидек, электр энергияси истеъмоли тобора ўсиб бормоқда, уни ишлаб чиқариш эса анча орқада қоляпти. Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд энергия тизимларининг қуввати 14,15 ГВтни ташкил этади. Унинг 87 фоизи иссиқлик электр станциялари (ИЭС ва ИЭМ)да ишлаб чиқарилади. Улардаги ускуналарнинг асосий қисми (қарийб 81 фоизи) эскирган энергоблоклар бўлиб, улар 1939 йилдан 1995 йилгача бўлган даврда ишга туширилган, фақат 19,2 фоизигина нисбатан замонавий энергоблоклар ҳисобланади (2004-2017 йилларда ишга туширилган). 

Юқорида баён этилган шароитлар электр энергияси билан барқарор таъминлайдиган йирик қувватларни ишга тушириш бўйича тезкор чоралар қабул қилишни тақозо этмоқда. 

Вужудга келган вазиятда Ўзбекистонда “Росатом” корпорацияси томонидан ишлаб чиқилган ССЭР-1200 атом реакторлари негизида умумий қуввати 2,4 Гвт бўлган икки блокдан иборат илк атом электр станциясини қуриш ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлди. Мамлакатимизда атом энергетикасини ривожлантириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Ушбу агентлик атом энергетикасини ривожлантириш соҳасида давлат бошқаруви органи этиб белгиланди. 

Савол туғилиши табиий: атом электр станцияси нима учун керак ва нега айнан “Росатом” танланди? 

Гидро ва иссиқлик электр станциялари электр энергияси ишлаб чиқаришнинг анъанавий манбалари ҳисобланади. Учинчи ўринда ядро энергетикаси туради, қайта тикланадиган энергия манбалари (қуёш, шамол, биоёқилғи, гидротермал манбалар)дан фойдаланиш улуши тобора ўсиб бормоқда. 

Бугунги кунда мамлакатимизда гидро электр станциялардан фойдаланиш имконияти деярли поёнига етди. Қурилаётган ва қурилиши режалаштирилаётган кичик ГЭСлар юзага келган ҳолатни жиддий ўзгартира олмайди. 2017 йил апрель ойида Ўзбекистон Иқлим бўйича Париж битимига қўшилди. Унга кўра, мазкур келишувга аъзо мамлакатлар атмосферага карбонат ангидрид газини чиқаришни камайтириш бўйича барча саъй-ҳаракатларини ишга солиши лозим. Бу ҳозирги кунда Ўзбекистонда улуши 87 фоизни ташкил этган иссиқлик электр станцияларидан фойдаланишни қисқартиришни назарда тутади. Қайта тикланадиган энергия манбалари жадал ривожланиб бораётгани, экологик тоза ва хавфсиз эканига қарамай, ишлаб чиқарилаётган электр энергияси таннархининг қимматлиги, барқарор эмаслиги ва самарадорлиги пастлиги сабабли улар энергия танқислиги муаммосини ҳал эта олмайди. Шу боис ҳам атом энергетикасини ривожлантириш биз учун айни муддаодир.

Бугунги кунда, юқорида таъкидланганидек, атом энергетикаси дунё электр энергетикасида учинчи ўринни эгаллайди. АЭСда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми бўйича АҚШ тўлиқ етакчилик қилмоқда. Ушбу мамлакатда мавжуд юзта энергоблокда 100,3 Гвт электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу дунёдаги барча АЭСларда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг тўртдан бир қисмини ташкил этади. Бу борада иккинчи ўринни эгаллаган Францияда 58 энергоблокда 63,1 Гвт электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу мамлакатда ишлаб чиқариладиган умумий электр энергияси ҳажмининг 70 фоизидан ортиқдир. Дунёнинг яна 12 давлатида мазкур кўрсаткич 30 фоиздан ошади. Атом электр станциялари қурилишининг жадал ривожланиб бораётгани Осиё мамлакатларида ҳам кузатилмоқда. Дунё мамлакатларида барпо этилаётган 60 энергоблокнинг 39 таси Осиё қитъасига тўғри келади. 

Ҳозирги кунда “Росатом” давлат корпорацияси АЭС қуриш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Айни пайтда мазкур корпорация иштирокида 11 мамлакатда 32 энергоблок бунёд этилмоқда (бу дунё миқёсида қурилаётган АЭСларнинг ярмидан кўпидир). Экспертларнинг фикрича, 3+ авлодига мансуб ССЭР-1200 атом реактори энг хавфсиз ядро энергетика қурилмаси ҳисобланади. 

Хавфсизлик, экология, иқтисодий самара ва ижтимоий омил – шу тўртта жиҳат атом энергетикасининг асосини ташкил этади. 

АЭСларнинг хавфсизлиги шу билан изоҳланадики, бугунги кунда атом реакторлари қарийб 30 та фаол ва пассив ҳимоя босқичларига эга. Террорчилик ҳаракатларини бартараф этиш мақсадида кучли ҳимоя эътиборга олинган. Атом электр станциясининг ташқи қобиғи унинг устига самолёт тушганда ҳам дош беради. 

Чернобиль ва Фукусимадаги ҳалокатларга келадиган бўлсак, ушбу реакторлар ўтган асрнинг 60-йилларида барпо этилган эди. Чернобиль АЭС ҳалокатининг асосий сабаби инсон омили бўлган, Фукусима АЭСда эса юз йилда бир марта юз берадиган табиий офат ва уни лойиҳалаштиришдаги хатолар ҳалокатга сабаб бўлган. 

Ўтган 50-60 йилларда ядро технологиялари анча илгарилаб кетди. 3+ авлодидаги ССЭР-1200 реакторларида инсон омили мутлақо бўлмайди, улар кўп босқичли фаол ва пассив ҳимоя қатламига эга бўлиб, бу юқоридаги авариялар содир бўлишига деярли йўл қўймайди. 

Экология масаласига келсак, АЭСдан фойдаланиш атмосферага карбонат ангидрид гази, ис гази, азот оксидлари ва олтингугурт ажралиб чиқишини истисно қилади. Экспертларнинг фикрича, атом энергетикасидан воз кечилиб, бугунги кунда АЭСлар ишлаб чиқараётган электр энергиясини ҳосил қилиш вазифаси тўлиқ иссиқлик электр станцияларига юкланса, ҳар йили атмосферага қўшимча 380 миллион тонна карбонат ангидрид гази ажралиб чиқади. 

Ўртача қувватдаги ИЭСни кўмир ёқилғисида ишлатиш учун 6 миллион тонна кўмир керак бўлади. Бунинг натижасида ҳар йили 20 миллион тоннадан ортиқ карбонат ангидрид гази, 2 миллион тоннагача кул, жумладан, деярли назорат қилиб бўлмайдиган учар кул ажралиб чиқади. Шундай қувватдаги АЭСдан фойдаланганда эса 50 тоннагача радиоактив чиқиндилар пайдо бўлади, улар тўлиқ назорат остида бўлади, чунки ерга кўмилиб, қўриқланади. Ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси, дунёда шаклланган амалиётга кўра, уни тайёрлаган мамлакатга жўнатилади. Уни утилизация қилиш нархи кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станциялари чиқиндисидан анча паст, шу билан бирга, иссиқлик станцияларида чиқиндилар ҳажми АЭСникидан юз, ҳатто минг баробар кўпдир. Ҳатто ИЭСдан чиқадиган радиоактив моддалар АЭСдан чиқадиган радиоактив моддаларга нисбатан 10-11 баравар кўп. АЭСдаги мазкур чиқиндилар асосан кам яшайдиган радиоактив инерт газлар ҳисобидан бўлса, ИЭСдан ажралиб чиқадиган чиқиндилар кўпинча узоқ яшовчи радиоактив, юқори даражада заҳарли оғир металлардан иборат бўлади. 

Масаланинг иқтисодий жиҳатига келадиган бўлсак, атом станцияларида электр ишлаб чиқариш таннархи (бошланғич инвестицияларни ҳисобга олмаганда) иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариладиган электр таннархидан арзон, муқобил энергия манбаларидан фойдалангандан эса анча арзондир. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ИЭС билан таққослаганда АЭСда киловатт-соат нархида ёқилғининг улуши анча камдир. 

Углеводородлар асосида электр ҳосил қилишда ёқилғи таннархининг улуши 60-70 фоизни ташкил этади, демак электр энергиясининг нархи углеводород нархининг ошиши ёки пасайиши билан бевосита боғлиқ. Бу, айниқса, углеводородларга асосланган электр энергияси энергетика тизимининг асосини ташкил этадиган мамлакатлар олдига энергия хавфсизлиги масаласини кўндаланг қўяди. Чунки газ ёки нефть нархи 2 баробар қимматлашса, квт-соат таннархи ҳам камида 60-70 фоизга ортади. Масалан, 10 йилдан кейин табиий газ ёки нефть нархи қанча бўлишини ҳеч ким билмайди. Аммо электр таъминоти узлуксиз ва барқарор нархларда бўлиши керак. Шу боис ҳам аксарият мамлакатлар бу каби хатарлардан ҳимояланиш усулларини изламоқда. Атом асосида электр ҳосил қилишда уран таннархининг улуши 4-5 фоиз бўлиб, бу уран нархининг ўзгариб туриши ишлаб чиқариладиган электр энергиясига деярли таъсир қилмаслигини билдиради. Биз “атом” киловатти таннархини ҳам бир неча йил олдинга башорат қилишимиз мумкин ва бу энергия тарифида барқарорликни англатади. АЭСга киритиладиган инвестициялар кейинги бир неча ўн йилда энергия арзон ва хавфсиз бўлишига кафолат беради. Бу эса миллий иқтисодиётдаги йирик саноат объектлари барқарор ривожланиши ва аҳоли учун электр энергияси нархи барқарор бўлишини таъминлайдиган муҳим шартлардандир. Халқаро атом энергияси агентлиги маълумотларига кўра, дунё миқёсида уран истеъмолининг ҳозирги суръатида (йилига қарийб 70 минг тонна) унинг захираси бир неча юз йилга етади. 

Ижтимоий таъсир янги иш ўринлари яратилиши ва кадрлар тайёрланишида ифодаланади. Атом электр станцияси қурилишида 7-10 йил мобайнида 6-7 минг нафар одам ишлайди. АЭС ишга туширилганидан кейин эса у ерда 2,5 минг нафар юқори малакали, катта иш ҳақи оладиган мутахассислар меҳнат қилади. Ҳозирнинг ўзидаёқ бўлажак АЭС учун кадрлар тайёрлаш дастури бошланган. Жорий йилнинг сентябрь ойида 30 нафар ёш Москва муҳандислик-физика институтида “Росатом” давлат корпорацияси квоталари бўйича таҳсил олишни бошладилар. 2019 йил сентябрдан бошлаб Тошкентда илк талабаларни қабул қиладиган Москва муҳандислик-физика институти филиалини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетида ядро физикаси кафедраларини кенгайтириш ҳамда Тошкент давлат техника университети ва Навоий давлат кончилик институтида янги кафедраларни ташкил этиш режалаштирилган. Мутахассисларнинг хорижий илмий марказлар, олий ўқув юртлари ва АЭСда малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Кадрлар тайёрлаш масаласида 60 йилдан буён тадқиқот атом реакторидан фойдаланиш бўйича ишлаб келаётган малакали мутахассислар меҳнат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтига алоҳида эътибор қаратилади. 

Атом энергетикасининг ривожланиши билан ядро физикаси ва ядро технологиялари сингари ўзаро боғлиқ соҳалар ҳам ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида турли касалликлар, жумладан, онкология касалликларини даволашда қўлланиладиган 50 номдан ортиқ радиофармацевтика воситалари ва уларга нофаол иловалар ишлаб чиқарилмоқда. Бугунги кунда институт мамлакатимиздаги клиникаларнинг радиофармацевтика воситаларига бўлган талабини тўла қондирмоқда ҳамда уларни турли хорижий мамлакатларга экспорт қилмоқда. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, атом энергетикасини ривожлантириш мамлакат аҳолиси ва иқтисодиёти тармоқларини арзон ва барқарор электр энергияси билан таъминлабгина қолмай, инфратузилма, турдош тармоқлар, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. 

Илҳом Содиқов,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Ядро физикаси институти директорининг ўринбосари,
техника фанлари доктори



ЎзА
5 520