ЎзА Ўзбек

19.07.2018 17:27 Чоп этиш версияси

Атом энергетикаси – хавфсиз, иқтисодий самарадор, экологик тоза энергия манбаи

Атом энергетикаси – хавфсиз, иқтисодий самарадор, экологик тоза энергия манбаи Сайёрамизда энергетика ресурслари: нефть, газ, кўмир ва бошқа ёқилғи захираси тобора камайиб бораяпти. Дунё мамлакатларининг аксарияти энергия тақчиллигини атом электростанцияларини қуриш йўли билан ҳал этишни режалаштирмоқда. Умуман, аксарият давлатлар мавжуд энергия захираларини тежаш мақсадида атом электростанцияларини қуришни мақбул кўраяпти.

Қуёш, шамол, океан тўлқинларидан энергия манбасини олиш оммалашди. Аммо имконият ҳамма жойда ҳам бирдек эмас. Ўзбекистон табиий ёқилғи хомашё манбалари бўйича салоҳиятли мамлакатлар сирасига киради. Бизда олтин, нефть, кўмир, турли маъданлар, умуман, табиат неъматлари, хусусан, Менделеев жадвалидаги барча элементлар мавжуд. Аммо бу бойликлар ҳам абадий эмас. Қайта тикланмайдиган ресурсларни келгуси авлодларга етказиш эса долзарб масала. Шу боис муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга жиддий эътибор қаратилаяпти.

Бугун юртимиз аҳолисининг электр энергиясига бўлган талаби 69 миллиард киловатт соатни ташкил этмоқда. Унинг қарийб 85 фоизи газ ва кўмирни ёқиш ҳисобига, қолган 15 фоизи гидроэлектростанциялар ҳиссасига тўғри келади. Ҳисоб-китобларга кўра, бунинг учун бир йилда республикамиз учун 16,5 миллиард куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 миллион тонна кўмир керак бўлади. Аммо 2018 йилнинг шу давригача республикамиз аҳолисининг сони қарийб 250 мингга ошганини ҳисобга олсак энергияга бўлган талаб янада ортади, кўрсатилган рақамлар ҳам ўсишда давом этади.

Мамлакатимизда кўплаб саноат ва ишлаб чиқариш объектларининг барқарор фаолият кўрсатиши учун ҳам энергия ресурслари зарур. Эҳтиёжни қоплаш учун эса бизга янада кафолатли муқобил манбалар керак бўлади. Бунинг учун ўзимизда зарур хомашё бор. Хуллас, яқин истиқболда мамлакатимиз АЭС бор давлатлар қаторига киради. Дунё амалиётида синовдан ўтган ва юқори фойда келтирувчи энергия манбаи – Атом электростанциялари томонидан ишлаб чиқариладиган энергия учун асосий хомашё бўлган уран захираси бўйича биз дунёнинг биринчи ўнталигига кирамиз. Албатта, АЭСларни қуриш ва жойлаштириш мураккаб жараён ҳисобланади. Демак, мамлакатимизда АЭСни барпо этишда, албатта, юқори малакали геолог, сейсмолог, экологлардан иборат ишчи гуруҳ танланган ҳудудда синчковлик билан кузатувларни амалга оширади.

Шерали ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси бош мутахассиси:


– Мамлакатимиздаги сув ҳавзалари атрофи ўрганилмоқда. Яъни АЭС қуриш учун қулай ва муносиб жой қидирилмоқда. Бунинг учун муҳандис-геодезик ва муҳандис-гидрогеологик ишлари олиб борилади. Қурилаётган ҳудудларнинг сейсмик жиҳатдан барқарорлиги, қолаверса, об-ҳаво билан боғлиқ бўлган тадқиқотлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Давлат геология қўмитаси Россия Федерацияси билан ҳамкорликда техник вазифалар ишлаб чиққан. Шу асосда тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Юртимизда АЭСни қуриш учун яроқли майдонлар мавжуд. Мамлакатимиз фойдали қазилмалар захиралари бўйича дунёда ўз ўрнига эга. Жумладан, олтин, уран захираси бўйича дунёда етакчи давлатлар ўнталигига киради.

Феруз ҲИММАТОВ, Давлат экологик экспертизаси маркази директори:

– Ўзбекистонда асосий электр манбаи кўмир, газ ёқишдан олинади. Бу атроф-муҳитнинг, сувнинг ифлосланишига сабаб бўлади. Очиғини айтиш керак, ифлосланган сувлар тўлиғича тозаланмайди. Бундан ташқари, улардан чиқадиган чиқиндилар атроф-муҳитга, экинларга, ҳайвонларга тўғридан-тўғри салбий таъсирини кўрсатади. Лекин АЭСнинг умуман чиқиндиси йўқ. Комиссия аъзоси сифатида айтишим мумкинки, у экологик тоза ҳисобланади. АЭСдан чиқадиган чиқиндилар белгиланган тартибда утилизация қилинади.

2028 йилгача ишга туширилиши режалаштирилаётган АЭСнинг самарали фаолияти натижасида 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Агар ушбу тежалган газни қайта ишламасдан экспорт қилганда ҳам мамлакатимиз йилига 550-600 миллион доллар валютага эга бўлади. Албатта, ушбу лойиҳани қуришда замонавий ва мураккаб технологиялардан фойдаланилади. Бунинг учун эса юқори савияли, катта тажрибага эга билимли кадрлар керак. Бу борада ҳам дастлабки қадамлар ташланган.
Ўзбекистонлик етакчи мутахассислардан иборат делегация Россия, Беларусь давлатларида бўлиб, уларнинг тажрибасини ўрганиб қайтишди.

Сардор ЁҚУББЕКОВ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси атомни назорат қилиш тармоқ инспекцияси бошлиғи:

– АЭС хавфсизлик нуқтаи назаридан хавотирсиз. Юқори технологик жараёнлар асосида барпо этилади. Атроф-муҳитга, аҳолига мутлақо зарарли таъсири йўқ. АЭС қурилиши давлатимизнинг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.

Мамлакатимизда айнан атом ва ядро физикаси бўйича етакчи институтлар томонидан турли тажрибалар олиб борилган. Аммо шу вақтга қадар республикада АЭСни қуриш бўйича ташаббус илгари сурилмаган.

Бунёд этилиши режалаштирилаётган ушбу йирик лойиҳа соҳа вакилларининг билим ва кўникмаларини соҳага жалб қилиш учун айни муддао бўлмоқда. Бу жараёнда кадрлар тайёрлаш тизими ҳам алоҳида назарда тутилмоқда.

Рашид ЭШБЎРИЕВ, Самарқанд давлат университети ядро физикаси кафедраси мудири:


– Ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий қудратида – энергия биринчи ўринда туради. Демак, корхоналар, завод ва фабрикаларнинг ишлаши учун электр энергияси зарур. Булар мамлакат иқтисодий негизини ташкил қилишини назарда тутсак, электр энергияси бирламчи муҳим манба ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилаётган АЭСнинг энергетик қуввати улкан корхоналарнинг ҳам бир маромда ишлашига хизмат қилади.

Баҳром МАҲМУДОВ, профессор:

– АЭСни қуришдан мақсад нима, деган савол туғилиши мумкин. Ҳозир бутун дунёда энергия муаммо бўлиб турибди. АЭСнинг қурилиши бежиз эмас. Бу асосланган, жуда доно сиёсат ҳисобланади. Чунки мана шундай АЭС Туркияда қурилиши бошланган ва яқинда ишга тушади. Мамлакатимизда илгари сурилаётган АЭСнинг ишга туширилиши биздаги энергия муаммосини ҳал қилишга катта ёрдам беради.

Мўмин ҚОДИРОВ, физика-математика фанлари доктори:

– Энергия муаммоси, айниқса, электр энергияси муаммосини ечишда ядро физикасининг роли жуда катта. Ёқилғи захиралари йилдан йилга камайиб бормоқда. Шу боис инсониятнинг бугунги талаби кескин ошиб бораётган бир пайтда атом энергиясини ривожлантириш, хусусан, АЭС қуриш тўғрисидаги ҳаракатни жамоатчилик қўллаб-қувватлайди.

АЭСни қуриш бўйича ҳуқуқий базани яратиш ва мустаҳкамлаш мақсадида тез орада тегишли қарор ва атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Барча ҳуқуқий ҳужжатлар атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик “Мagate”нинг талабларига мос равишда яратилади.

Бугунги кунда ҳудудларимизда энергия ресурсларига тақчиллик кузатилмоқда. Олис қишлоқларимизга электр, иссиқлик энергияси мунтазам етиб бормайди. Яқин келажакда фойдаланишга топшириладиган АЭС аҳолининг энергия ресурсига бўлган эҳтиёжини қоплайди. Электр, иссиқлик манбалари нархи ҳам пасаяди. Муҳими, экологик тоза ва узоқ муддат тугамайдиган атом энергетикаси мамлакатимиз тараққиёти учун хизмат қилади.

Инобат Аҳатова ЎзА
5 292