Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

11.09.2018 10:50 Чоп этиш версияси

“Атлас байрами” фестивали доирасида тадбирлар бошланди

“Атлас байрами” фестивали доирасида тадбирлар бошланди

Марғилон шаҳридаги миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида “Атлас байрами” анъанавий тўқимачилик фестивали доирасида маҳорат сабоқлари бошланди. Унда таниқли усталар томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш ҳунармандларга анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича амалий машғулотлар ўтказмоқда.

7.JPG

Тўртинчи бор ўтказилаётган тадбир ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ҳунарманд“ уюшмаси, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

8.JPG

Марғилон деганда беихтиёр киши кўз ўнгида камалак рангларида товланувчи атласу адрасларга бой кўҳна ва бетакрор шаҳар намоён бўлади. Навқирон шаҳарнинг нафис чиройини бутун дунёга машҳур этган хонатласнинг гўзал нусхалари кўпларнинг кўнглини ром этгани рост. Мазкур анъанавий “Атлас байрами” ҳам айнан қадимий шаҳарнинг миллий ҳунармандчилиги, миллий архитектураси ва миллий маданиятини намойиш қилиш, ёш, иқтидорли дизайнерлар малакасини янада ошириш ва уларни янгича, замонавий услубда ишлашга ўқиб ўргатиш мақсадида ташкил этилмоқда.

– Ўтган йилда ўзбек ипак матолари – атлас ва адрас тўқиш технологияси ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. – Марғилон азалдан атлас ва адрасни тайёрлашнинг тарихий маркази бўлиб келган. Йўқолиб бораётган анъаналарни тиклаш ва сақлаш мақсадида 2007 йилда Марғилонда ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази очилган бўлиб, бу марказ атлас ва адрас матоларини тайёрлаш технологиясини сақлаш, ривожлантириш ва оммавийлаштириш билан шуғулланиб келмоқда. Анъанавий ўтказиб келинаётган “Атлас байрами” миллий ипак матоларимизни жаҳон миқёсида кенгроқ тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Анъанавий тўқимачилик ва тадбиркорлик бўйича амалий тренингни юртимиздаги машҳур ҳунармандлар билан бирга Монголия, Бангладеш каби давлатлардан келган мутахассислар ҳам олиб бормоқда.

– Анъанавий ўтказиб келинаётган бу фестивалда икки йилдан буён иштирок этиб келмоқдаман, – дейди бангладешлик дизайнер Биби Рассел. – Юртингиздаги миллий ипак матоларидан тайёрланаётган маҳсулотлар бутун дунёни ҳайратга солиб келмоқда. Мана бундай амалий машғулотлар эса ёшлар орасида ҳам машҳур дизайнерлар чиқишига хизмат қилади.

М.Сулаймонов, Муқимжон Қодиров ​(сурат), ЎзА