ЎзА Ўзбек

03.05.2018 17:40 Чоп этиш версияси

Ассоциация фаолияти танқидий таҳлил қилинди

Пойтахтимизда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг 2011-2017 йиллардаги фаолияти якунларига бағишланган III Республика ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда ҳудудий ҳисобот-сайлов конференцияларидан сайланган делегатлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Мамлакатимизни модернизация қилиш ва жамиятни демократик янгилаш, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтириш, уларни давлат ва жамият қурилишидаги ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

Конференцияда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, ассоциация томонидан хорижий ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан юзга яқин учрашувлар, халқаро ва республика миқёсида тадбирлар ташкил этилди. Давлат органлари ва ННТларнинг ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида ННТлар Миллий форумини ўтказиш тизими жорий этилди. Натижада давлат органлари ва ННТлар ўртасида 700 дан зиёд ижтимоий шериклик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.

2014 йилдан бошлаб ННТ раҳбарларининг ташкилий ва молиявий фаолиятига оид ўқув-семинарлар ўтказиб келинмоқда. Ассоциацияга аъзо ННТларни методик қўлланмалар билан таъминлаш мақсадида 24 та турли хилдаги услубий қўлланмалар тайёрланди.

Конференцияда кейинги йилларда ассоциация томонидан халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик самарали йўлга қўйилаётганлиги қайд этилди. Жумладан, 60 та маҳаллий ННТлар иштирокида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Франциянинг Техник ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг (ACTED, Франция) Ўзбекистондаги филиали, Германиянинг Ф.Эберт номидаги фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар билан умумий қиймати 5 миллион АҚШ доллари миқдорида 43 лойиҳа амалга оширилган.

Конференцияда ассоциация фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Соҳада кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ишлари самарали йўлга қўйилмагани, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмагани айтиб ўтилди.

Республика ҳисобот-сайлов конференциясида ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди. Илҳом Насриев Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси этиб сайланди.

Конференцияда Ассоциация фаолиятининг йўл харитаси тасдиқланиб, келгусида амалга ошириладиган энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
9 149