Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2017 18:20 Чоп этиш версияси

Сирғали тумани Асробод маҳалласида аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди

Пойтахтимизнинг Сирғали туманидаги “Асробод” маҳалла фуқаролар йиғинида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди.

"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди томонидан “Соғлом она – соғлом бола” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.

Фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари маҳаллалар ва қишлоқларда бўлиб, аҳоли, айниқса, қизлар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, соғлом турмуш тарзи ва уни тўғри шакллантиришга доир маслаҳатлар бериб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда ташкил этилган ана шундай тадбирларда 38 минг етти юздан зиёд аҳоли тиббий кўрикка жалб этилди. Икки минг уч юзга яқин оиланинг ижтимоий шароити, ундаги психологик муҳит ва болалар соғлиғи ўрганилди.

Асробод маҳалласидаги навбатдаги хайрия тадбири жараёнида кекса отахон ва онахонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Аҳолига бепул витаминлар, дори-дармон ва гигиена воситалари тарқатилди. Шунингдек, ҳудуддаги умумтаълим мактаблари, лицей ва коллеж ўқувчилари орасида соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатликни тўғри шакллантиришга доир тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.

– Бугунги тиббий кўрикда малакали шифокорлар соғлиғимизни текшириб кўриш билан бирга фойдали маслаҳатлар берди, – дейди маҳалла нуронийларидан бири Малоҳат Собиржонова. – Бизни, фарзандларимиз ва набираларимизнинг саломатлигини ўйлаб қилинаётган бундай эзгу ишлардан жуда мамнунмиз.

Гўзал Сатторова, ЎзА
1 422






Все о погоде - Pogoda.uz