ЎзА Ўзбек

28.08.2018 16:51 Чоп этиш версияси

Асрий орзулар рўёби

Асрий орзулар рўёби
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар етук ва малакали мутахассислар тайёрлаш, мамлакатимизни янги босқичда ривожлантиришда юксак самаралар бермоқда.

Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг кадрларга бўлган эҳтиёжи чуқур таҳлил қилиниб, мамлакатимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилаётир. Жаҳон андозаларига мос жиҳозланиб, зарур мутахассисликлар бўйича шу ернинг ўзида олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилмоқда.

Буни кейинги икки йилда Сурхондарё вилоятида амалга оширилган ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Термиз давлат университетида иқтисодиётнинг тўрт-беш тармоғи бўйича мутахассислар тайёрланаётган эди.

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятда мамлакатимиздаги етакчи олий таълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилгани воҳада малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш баробарида таълим жараёнида ҳалол рақобатни ҳам юзага келтирди, – дейди Термиз давлат университети ректори А.Тошқулов. – Термиз давлат университетининг монопол мавқеига чек қўйиб, ёшлар учун нафақат мутахассислик, балки олий таълим муассасасини ҳам танлаш имкониятини яратди. Профессор-ўқитувчиларни таълим сифати ва самарадорлигини оширишга ундади. Бу қулайлик, бу имконият вилоят аҳли, айниқса, зиёлиларнинг кўп йиллик орзуси эди.

Албатта, бу орзуни рўёбга чиқариш, чуқур билимли, изланувчан ўғил-қизлар вилоятнинг ўзида олий таълим олиб, малакали мутахассис бўлиши учун барча замонавий шароитлар яратиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу – одамлар бугунги кундан рози бўлиб яшаши керак, деган эзгу ғоянинг, халқимизнинг обод ва осуда ҳаётини таъминлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир. Бу – халқ билан яқин мулоқот қилиш асносида одамларнинг дарду ташвиши, таклифу истаклари тингланиб, шу асосда рўёбга чиқарилаётган туб ўзгаришлар самарасидир.

Ўтган йили вилоятда Тошкент давлат аграр университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиаллари ташкил этилиб, саноат-транспорт тармоқлари ва аграр соҳа учун етук мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 18-19 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берди. Шунга мувофиқ, жорий йил бошида Тошкент тиббиёт академияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз, Термиз давлат университетининг Денов филиаллари ташкил этилиб, замонавий жиҳозланди. Бўлажак педагог ва тиббиёт ходимларининг соҳа сирларини пухта эгаллаши учун барча шароит яратилди.

– Воҳада шифокорларга бўлган талаб йил сайин ортиб бораётган эди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Норқобилов. – Жумладан, 1 минг 880 дан ортиқ малакали шифокорга эҳтиёж мавжуд бўлган, тиббиёт муассасаларининг умумий амалиёт шифокорлари билан таъминланиш даражаси қарийб 50 фоизни ташкил этиб турган бир пайтда ҳудудда олий маълумотли шифокорлар тайёрлайдиган ўқув даргоҳи ташкил этилгани аҳоли саломатлигини сақлашни янги босқичга кўтарди. Бирламчи тиббиёт муассасаларида хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириб, аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Термиз тиббиёт коллежи негизида иш бошлаган янги таълим муассасасида талаба-ёшлар учун барча шароит яратилган. Тошкент тиббиёт академияси аудиторияларида олиб бориладиган маъруза ва дарсларни тўғридан-тўғри талабаларга намойиш этишга мўлжалланган хоналарга эга ўқув бинолари билан таъминланган. Ахборот-ресурс маркази, ёпиқ спорт зали, 460 ўринли иккита талабалар турар жойи бўлажак шифокорлар хизматида. Машғулотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилмоқда. Бу ўқув даргоҳига қабул қилинган 300 ўғил-қиз дастлабки ўқув курсини муваффақиятли якунлаб, иккинчи босқич талабаси бўлди. Бу йил очиқ-ошкора ўтган тест синовларида энг юқори балл тўплаган яна шунча йигит-қиз вилоятнинг ўзида шифокорлик касби бўйича таълим олиш бахтига эришди.

Ёшлар Тошкент давлат аграр университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиалларида воҳа саноати, транспорт инфратузилмаси ва аграр тармоқлари учун 10 дан ортиқ мутахассислик бўйича ўзлари танлаган касб сирларини пухта ўрганмоқда. Тошкент тиббиёт академияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз, Термиз давлат университетининг Денов филиалларининг бўлғуси мутахассисларини талабалар сафига қабул қилиш Термиз шаҳри ва барча туманлар кесимида шифокор ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж ҳисобга олинган ҳолда берилган квоталарга мувофиқ амалга оширилди. Бу мазкур таълим муассасаларида касб сирларини ўрганаётган талабаларни ўз ҳудудида аниқ иш билан таъминлашда муҳим омил бўлади.

– Биз шифокорлик касбини эгаллаш учун узоқ-узоқларга бориб ўқиганмиз, – дейди кекса шифокор С.Пардаев. – Ўшанда бир кун келиб бизнинг ҳам вилоятда етук тиббиёт ходими тайёрлайдиган олий таълим муассасаси бўлишини тасаввур қилолмаганмиз. Мустақиллик йиллари бу филиални очиш учун кўп ҳаракат бўлганидан ҳам хабаримиз бор. Лекин, турли сабаблар билан бу таклиф рад этилаётган эди. Мана, қилса бўлар экан-ку! Қаранг, энди ёшларимиз қишлоғидан унча олис бўлмаган шаҳарда ўқиб, шифокорлик касбини эгаллаш бахтига эришиб турибди. Эрта тонгдан уларнинг аъло кайфиятда ўқишга кетаётганини кузатиб, гапнинг рости, ҳавасим келади.

– Талабалик йилларимни эсласам, бугунги имкониятлар билан бизнинг давримиздаги шароитлар ўртасида осмон билан ерча фарқ борлигини сезаман, – дейди олтинсойлик меҳнат фахрийси Б.Соатов. – Педагог бўлиш мақсадида узоқда ўқиганим майли, у пайтларда олий таълим муассасамизда ҳозиргидек шароитлар қаёқда дейсиз. Бугун ёшларимиз қишлоқдан унча узоқ бўлмаган Денов туманидаги олий таълим муассасасида ўқимоқда. Ота-онаси ҳам “боламнинг аҳволи не кечди”, дея хавотир олмайди. Талабалар эса тез-тез уйига келиб туради. Ҳадемай улар мактабимизда ёш авлодга фан сирларини ўргата бошлайди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда халқни рози қилиш, ёшларнинг бахту камоли йўлида зарур қулайликлар яратиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, муносиб турмуш кечиришини таъминлаш борасида кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликлар самарасидир.

Мамлакатимиз олий ва ўрта махсус таълим тизимида юз бераётган бу каби ўзгариш ва янгиланишлар нафақат юртимиз, балки қўшни давлатлар учун ҳам малакали мутахассислар тайёрлашга кенг имконият яратиб, олий таълим соҳасини дунёдаги замонавий таълим хизматлари бозорига айлантирмоқда. Бунга Термиз туманида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази яққол мисолдир.

Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган замонавий таълим муассасаси Афғонистон томони эҳтиёжлари асосида иқтисодий-ижтимоий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалар учун етук малакали олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлашга ихтисослашган. Марказ иш бошлаган дастлабки йилда муҳташам муассасада 130 дан ортиқ афғон ўғил-қизлари таълим олиб, олий маълумотли ўқитувчи ва темир йўл транспорти мутахассислиги сирларини ўргана бошлади. Келгусида бу ерда Афғонистон иқтисодиётининг бошқа тармоқлари учун ҳам олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун қўшимча иншоотлар, сервис ва хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этилмоқда. Қўшни давлат ёшлари ҳам барча қулайликларга эга таълим муассасасида ўқиб, касб ўрганаётганидан беҳад мамнун.

– Ватанимдан узоқ бўлмаган, ўз навбатида буюк аждодларимиз юртида ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси касбини эгаллаётганимдан жуда фахрланаман, – дейди афғонистонлик талаба А.Фаруқий. – Бизнинг аъло баҳоларга ўқиб, ўзимиз танлаган касбни чуқур эгаллашимиз учун бу ерда барча шароит яратилган. 10 дан ортиқ тўгарак фаолият юритмоқда. Тинч, фаровон юртда ташкил этилаётган турли кўрик-танлов ва фестивалларда ҳам ўзбекистонлик тенгдошларимиз билан бирга фаол иштирок этмоқдамиз. Афғонистоннинг келгуси тараққиёти ва афғон ёшларининг бахту камоли йўлида бундай шароитлар яратиб берилгани учун Ўзбекистон Президентидан миннатдормиз.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 758