ЎзА Ўзбек

15.05.2019 21:32 Чоп этиш версияси

Асрий қадриятларга замонавий ёндашув

Асрий қадриятларга замонавий ёндашув

Тошкент шаҳридаги "Сузук ота" мажмуасида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, "Ҳунарманд" уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев, уста ҳунармандлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган ХПК сессиясида асосий муҳокамалар "Сузук ота" мажмуасининг барпо этилиши, ҳунармандлар учун яратилаётган имкониятларга қаратилди.

2019 йилнинг 15 май ҳолатига кўра, соҳада банд бўлган ҳунармандлар сони 28,5 минг нафарга, уларнинг шогирдлари сони 33,6 минг нафарга етди. 2019 йил давомида 46 мингдан зиёд янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда тақдимот қилиш ва бу орқали ҳунармандчилик маҳсулотларини ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш мақсадида 30 дан ортиқ турли тадбирлар, жумладан, кўргазма, ярмарка, фестиваль ва савдо-кўргазмаларида 178 нафар ҳунарманднинг иштироки таъминланди, ушбу тадбирларда 45 мингга яқин ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.

photo5395865477114342254.jpg

– Ўтган йил АҚШнинг Санта-Фе шаҳрида ўтказилган “Халқ амалий санъати халқаро бозори” фестивалида мамлакатимиздан 24 нафар ҳунарманд иштирок этди, – дейди "Ҳунарманд" уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев. – Фестивалда иштирокчилар томонидан 451 минг АҚШ доллари миқдорида миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари сотилди. Тадбирда мамлакатимиз маҳсулотлар реализацияси бўйича энг юқори ўринларни эгаллади. 2018 йил давомида ҳунармандларимиз 6,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳунармандчилик маҳсулотларини чет мамлакатларга экспорт қилди.

Шунингдек, тадбирда жорий йил 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида илк маротаба ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивали хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Халқаро тадбирга дунёнинг бешта қитъасидан ҳунармандлар, мутахассислар келиши кутилмоқда. Тадбир доирасида халқаро илмий анжуман ҳам ўтказилади. Фестиваль учун махсус handicrafters.uz веб-сайти ҳам яратилди. Унда фестиваль, миллий ҳунармандчилик, ҳунармандлар, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган ҳунармандчилик маҳсулотлар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилди. Фестивалда иштирок этишни истаган хорижлик ва маҳаллий ҳунармандлар онлайн тарзда ариза беришлари ва рўйхатдан ўтишлари мумкин.

photo5395716806821391486.jpg

photo5395865477114342261.jpg

Инобат АҲАТОВА, ЎзА
5 118