ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Асоссиз бўшатилган ходим ишга тикланди

Асоссиз бўшатилган ходим ишга тикланди

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг қарорига асосан “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали Шеробод туманлараро бўлими авария диспетчерлик хизмати чилангари Т.Тожихонов асоссиз ишдан бўшатилгач, ўз ҳуқуқини тиклаш учун тегишли суд органига мурожаат этди.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг қарорига асосан Т.Тожихоновни вазифасига тиклаш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Термиз шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушгач, ижро ҳаракатларига киришилган.

– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддаси 1-қисмига кўра, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ноқонуний бошқа ишга ўтказилган ҳолларда у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишга тикланиши лозимлиги белгилаб қўйилган, – дейди МИБ Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. – Шунга мувофиқ давлат ижрочилари томонидан тегишли тартибда талабнома юборилиб, корхона раҳбарига мажбурият юклатилди.

Шундай қилиб, Т.Тожихонов “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали буйруғи билан ўз ишига қайта тикланди. Иш берувчига қўйилган “банд солиш тўғрисида”ги қарорга кўра, ўз ишига тикланган чилангарнинг пластик карточкасига 22 миллион 494 минг 240 сўм пул ўтказиб берилди.

1 914
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА