ЎзА Ўзбек

25.07.2018 17:56 Чоп этиш версияси

Асосий мақсад одамларга қулайлик яратишдир

Жиззах вилоятидаги давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 6 минг 217, жумладан, 2 минг 770 юридик шахс ва 3 минг 447 юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари рўйхатга олинди. 40 минг 480 давлат хизматлари кўрсатилди.

Давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси аҳолига қулайлик яратиш, жумладан, навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорликнинг олдини олиш, одамларнинг давлат идораларига ишончини оширишга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ никоҳни қайд этиш, туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш, болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, тегишли тўловларни амалга ошириш каби масалалар эндиликда давлат хизматлари марказлари орқали қилинмоқда. “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойили асосида юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш нафақат сарф-харажатларни, балки қимматли вақтни тежаш имконини бераётир.

Давлат хизматлари маркази – аҳолига барча хизматлар бир жойда кўрсатиладиган ўзига хос масканга айланди. Хусусан, вилоятдаги давлат хизматлари марказларида аҳолига давлат солиқ қўмитасининг жисмоний шахсларга солиқ ва бошқа қарздорлиги бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотнома, солиқ тўловчининг идентификацион рақамини бериш, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳномалар бериш каби хизматлар кўрсатилаётир.

Мамлакатимизда давлат ва фуқаролар муносабатларида муҳим янгилик бўлган бу ишни вилоятнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш мақсадида туманларда тарғибот тадбирлари, “Очиқ эшиклар куни”, учрашувлар, давра суҳбатлари, тренинглар ташкил этилмоқда. Аҳолига давлат хизматлари нима экани, уларнинг тури ва афзалликлари мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда.

Шу билан бирга, шанба ва якшанба кунлари тадбиркорлик субъектларини бозор ва савдо комплекслари ҳудудида сайёр рўйхатдан ўтказиш ишлари ҳам амалга оширилиб, марказ ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ва давлат хизматлари кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маслаҳат бериш ҳам йўлга қўйилмоқда. Жумладан, 2018 йил 1 июль ҳолатига жами 518 тадбиркорлик субъекти бозор ва савдо комплекслари ҳудудида сайёр тартибда рўйхатдан ўтказилди.

“Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳар бир тумандан танлаб олинган 2 тадан фуқаролар йиғинлари ҳудудида бугунги кунга қадар 20 мингдан зиёд хонадонга кирилиб, жисмоний ва юридик шахсларга жами 19 минг 63 рухсат берувчи ҳужжат расмийлаштириб берилди. Ушбу дастур бўйича Дўстлик туманининг Манас қишлоғи ва Мирзачўл туманининг Ғалаба маҳалласида тўлиқ уйма-уй кириб чиқилди, 648 та давлат хизматлари кўрсатилди.

Шу даврда бошқарма томонидан юридик шахсларни тугатиш бўйича вилоят иқтисодий судига 105 та даъво аризаси киритилган. Уларнинг 91 таси қаноатлантирилиб, юридик шахслар томонидан ўз фаолиятини тиклаш бўйича суд жараёнида мурожаат қилингани сабабли киритилган даъволарнинг 7 таси рад этилди. Аризаларнинг 13 таси суд органлари томонидан кўриб чиқиш жараёнида турибди. Бошқарма томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ҳокимиятларга, корхона ва ташкилотларга 21 тақдимнома киритилди. Натижада 16 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.

Жорий йилнинг 1 июнидан Дўстлик туманида тажриба тариқасида яна 31 турдаги талаб юқори бўлган қўшимча давлат хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, жисмоний ва юридик шахслар ортиқча овора бўлишининг, вақт ва моддий сарф-харажатлар ортиқчалиги ва сансалорлик ҳолатларининг олдини олиш билан бирга, давлат хизматлари кўрсатиш сифати ва улардан фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш бўйича кенг имкониятлар яратди.

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида юқори малакали етук кадрлар тайёрлаш мақсадида вилоятдаги юридик коллежларда “Давлат хизматлари бўйича юрист” деган янги йўналиш очилди. Аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштиришда туман ва шаҳар давлат хизмати марказларига “Дамас” автомашиналари берилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳозиргача туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари биноларини қуриш учун 0.20 гектардан кам бўлмаган ер участкалари ажратилди. Дўстлик, Мирзачўл туманларида марказ биноларини қуриш ишлари бошлаб юборилди, Жиззах шаҳрида ҳам марказ биносининг қурилиши бошланиш арафасида, Ғаллаорол туманида марказ биносини қуриш истагини билдирган инвестор билан музокаралар ижобий якунига етди. Қолган туманларда бундай иншоотлар қуриш бўйича инвесторлар билан музокаралар давом этмоқда.

Марказларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган халқимизни рози қилиш тамойилининг амалдаги рўёбини тезлаштиришга қаратилган. Яратилаётган бундай қулайликлар “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилини жорий этишнинг амалдаги ифодаси бўлади

Бобур Умирзоқов,
Давлат хизматлари агентлиги
Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи.

ЎзА
4 281