ЎзА Ўзбек

03.08.2018 22:35 Чоп этиш версияси

Асосий мақсад – муаммоларга ечим топиш

Асосий мақсад – муаммоларга ечим топиш
Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунларига ва келгусидаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжмуни ўтказилди.

Тадбир давомида қайд этилганидек, ялпи мажлисларга тайёргарлик доирасида қўмита томонидан “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Қўмита томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг Сирдарё вилоятидаги ижроси ўрганилди ва бир қатор ечимини кутаётган муаммолар аниқланди. Хусусан, вилоятдаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг ўзлаштириш жараёни қониқарсиз эканлиги қайд этилди. Яъни, бу кўрсаткич 52 фоизни ташкил этаяпти. Шунингдек, мактабларда маънавий-маърифий ишлар яхши йўлга қўйилмаган. Шу сабабдан айнан мактаб ўқувчилари жиноятчилиги 2017 йил 2016 йилгига нисбатан кўпайган. Умумтаълим мактабларининг моддий-техник базаси, шароитлари ўрганилганда, 170 дан ортиқ мактабга компьютер етказилмагани, бор компьютерлар ҳам яроқсиз ҳолга келгани аниқ бўлди.

Ўрганишлар жараёнида 160 дан ортиқ мактабда тиббиёт хонаси мавжуд эмаслиги, тиббий хизмат ўз вақтида амалга оширилмаётгани маълум бўлган. Умумтаълим мактабларида 211 нафар педагог ходим ўрни вакант эканлиги аниқланган. Математика, физика, кимё, тарих, рус тили каби фанлардан педагог етишмовчилиги мавжуд. Шундай экан, бу ўқувчилардан қандай қилиб юқори кўрсаткичли ўзлаштиришни кутиш мумкин?

Ўрганиш якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. Бу ўрта мактабларда таълим жараёнини ташкил этиш сифатини яхшилаш, ахборот-коммуникация технологияларидан интенсив фойдаланиш, ижтимоий-маънавий муҳитни, моддий-техник таъминотни мустаҳкамлаш, кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш бўйича тадбирлар ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни давлат назорат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш давомида қатор муаммолар аниқланди. Хусусан, биргина 2017 йил сертификатлаштириш ишлари натижасида 897 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари яроқсиз деб топилган. Ўтган йилда 612 та озиқ-овқат объектларидан олинган 536 минг 511 та озиқ-овқат маҳсулотларининг намунаси таҳлил қилинганда 18 минг 810 таси амалдаги санитария қоидаларига жавоб бермаслиги аниқланган. Бу 20 йил аввал қабул қилинган мазкур қонун ҳужжати замон талабларига жавоб бермайди, деган хулосага келиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Қўмита тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, тиббиёт ходимлари зиммасига меъёрдан ортиқ вазифалар юкланиши, тиббиёт муассасаларида иш ўринлари қисқартирилиши, ходимларнинг ўз фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган турли мавсумий ишларга жалб қилиниши билан боғлиқ масалалар муҳокама этилган тадбирда “Тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида таклиф тайёрланди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Турли долзарб масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Қўмитада тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан ўтказилган жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди. Республика ишчи гуруҳи томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида 10 мингдан ортиқ учрашув, давра суҳбати ва ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Муҳокамаларда 120 мингдан зиёд мутахассис, эксперт, жамоатчилик иштирок этди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Ҳисобот даврида Сенатга фуқароларнинг 4 минг 675 та мурожаати келиб тушди. Уларнинг 20 фоизи бевосита Қўмита томонидан кўриб чиқилди, 321 таси назоратга олинди, 46 фоизи эса ижобий ҳал этилди. 

Нурилло Насриев, ЎзА
5 923