Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2018 13:17 Чоп этиш версияси

Асл қўшиқлар танлови

“Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг катта залида “Зувола” асл қўшиқлар миллий танловининг дастлабки ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари О.Назарбеков мамлакатимизда миллий санъатимизнинг барча турлари каби қўшиқчиликни равнақ топтириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2017 йил 25 декабрда бўлиб ўтган Маданият вазирлиги ва Бадиий академия раҳбарларининг ҳисоботларини муҳокама қилиш якунлари бўйича йиғилиш баёнида белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш, шунингдек, шоир, бастакор ҳамда хонандаларнинг ижодий ҳамкорлигини йўлга қўйиш орқали яратилган янги ва энг яхши асарлар муаллифларини моддий рағбатлантириш мақсадида Маданият вазирлиги ҳамда “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси томонидан жорий йилнинг 25 январь куни илк марта “Зувола” асл қўшиқлар миллий танлови эълон қилинган эди.

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси маълумотига кўра, танлов учун Тошкент шаҳри ва вилоятларда ижод қилаётган кўплаб хонандалар, ижодкорлар турли жанр ва йўналишда янги қўшиқлар яратди. Жумладан, 2018 йилнинг 27 январидан 15 февралига қадар танловда иштирок этиш учун 2500 га яқин қўшиқ тақдим этилди. Мазкур танлов юзасидан шу кунга қадар бир неча маротаба ҳакамлар ҳайъати йиғилишлари ташкил этилди ва бунда шоирлар, бастакорлар ҳамда профессионал хонандалар томонидан танловга юборилган қўшиқларнинг матни, мусиқаси ҳамда хонандаларнинг ижро маҳоратига катта эътибор қаратилди.

Тадбирда юқорида қайд этилган ижодий танловга келиб тушган 2500 та қўшиқ орасидан кучли йигирматалик учун фақатгина тўртта қўшиқ танлаб олинганлиги, нисбатан яхши, дея эътироф этилган 15 та қўшиқ эса танловнинг рағбатлантирувчи мукофотлари учун мўлжалланган 30 та қўшиқ сафига киритилгани қайд этилди. Савияси паст қўшиқлар танқид қилинди. Қатнашчиларнинг жуда кўпчилиги ёшлар эканига алоҳида эътибор қаратилди.

Танловга келиб тушган қўшиқлар ичидан энг саралари, деб топилган қўшиқлар муаллифларига диплом ва пул мукофотлари топширилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг 3 апрель куни ташкилотчилар танловга юборилаётган қўшиқлар орасида мазмуни ва савияси юксак ижод намуналари камлиги, бадиий жиҳатдан пухта қўшиқлар яратиш учун эса белгиланган муддат етмаслигини инобатга олиб, “Зувола” асл қўшиқлар миллий танловига қўшиқ тақдим этиш муддати жорий йилнинг 20 майига қадар узайтирилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 328