ЎзА Ўзбек

28.08.2018 12:02 Чоп этиш версияси

Асл мард Ватанга садоқат билан яшар

Асл мард Ватанга садоқат билан яшар

Ватанга садоқатли бўлиш, унга холис хизмат қилиш чинакам инсоний фазилатлардан. Бу мард ва фидойи инсонларнинг қўлидан келади.

Бундай туйғулардан мосуво одамларгина нафақат ўз юртидан айб қидириши, балки унга хоинлик қилишдан ҳам тоймаслиги мумкин.

Ватан – она каби муқаддас. Биз унинг меваси, бир бўлагимиз. Ватанга тош отсанг, шаксиз ўзингга қайтади. Онангни қанчалик ардоқласанг, нафақат унинг, балки Яратганнинг розилигига эришасан. Ватанни қанчалик ардоқласанг, у сени шунчалик ардоқлайди.

Ҳабиб Абдуллаев, Шуҳрат Аббосов, Ориф Алимахсумов, Мутал Бурҳонов, Суйима Ғаниева, Берта Давидова, Одил Ёқубов, Наим Каримов, Ҳалима Худойбердиева Учқун Назаров, Руфат Рисқиев, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Шавкат Салиҳов, Артур Таймазов, Равшан Эрматов, Руслан Нуруддинов каби инсонлар ҳақида кўп эшитганмиз. Уларнинг илм-фан, санъат, маданият, маънавият ва спорт соҳаларида ҳалол меҳнат қилиб, нафақат ўзи, балки юртимиз довруғини дунёга танитганини яхши биламиз.

Буни бежиз ёдга олмадик. Боиси Ватанни ардоқлаб яшаган бу фидойи инсонлар Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлганлар.

Бундан йигирма йил олдин, яъни 1998 йил 28 августдаги Ўзбекистон Республикасининг “Эл-юрт ҳурмати” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги қонуни билан таъсис этилган бу юксак мукофотга нафақат юқорида тилга олинганлар, балки юрт равнақига ҳисса қўшиб, том маънода эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган яна ўнлаб ватандошларимиз, Ўзбекистонга чин дўст бўлган, ёнида туришга муносиб бўлган дўстларимиз ҳам бор.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мамлакат мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланадилар. Шу билан бир қаторда, бу орден билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

“Эл-юрт ҳурмати” ордени 1 микрон қалинликдаги тилла қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланади. У икки ёқлама нурлар таралувчи саккиз қиррали юлдуз шаклида бўлади. Юлдуз бурчаклари орасида мовий рангдаги шаффоф эмаль қопланган, таралувчи нур тутамлари жойлашган. Юлдузнинг қарама-қарши қирралари оралиғи 52 миллиметр. Нурларни ўз ичига олган доира диаметри – 49 миллиметр.

Орденнинг марказида доирада қизил рангли йўл билан ҳошияланган Регистон архитектура мажмуи тасвирланган. Унинг орқасида фон билан берилган рангли эмаль қопланган водийлар ва тоғлар, улар узра эса мовий осмон фонида чиқиб келаётган қуёш тасвирланган. Бутун тасвир шаффоф эмаль билан қопланган бўлиб, у тасвир узра ярим доира сегментини ташкил этади.

Тасвир атрофи айлана билан ҳошияланган бўлиб, айлананинг юқори қисмида, оқ фонда “ЕL-YURT HURMATI” деган ёзув, айлананинг пастки қисмида яшил шаффоф эмаль билан қопланган дафна новдаси жойлашган.

Орқа томонининг пастки қисмида орденнинг тартиб рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзиғлиқ.

Орден Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангларидаги шойи лента сирилган қадағичга ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади.

Бу маҳобатли орден кўксини безаган инсонларга қанча ҳавас қилса арзийди. Чунки бу орден том маънода элу юрт ҳурматини қозона олган шахсларгагина берилади. Бундай шарафга эришиш эса фақат меҳнат қилиш эмас, катта фидойиликни талаб этади.

“Эл-юрт ҳурмати” орденига муносиб кўрилган спортчилар жаҳон спорт ареналари, олимпия ўйинларида Ўзбекистон байроғини баланд кўтариши билан юрт шаънини улуғлаган. Халқнинг ғурурига ғурур қўшган.

Орденга сазовор бўлган бошқа касб соҳиблари ҳам халқимизга керакли янгилик ярата олган. Бу юксак мукофот билан тақдирланган шоира Ҳалима Худойбердиева эса юраги билан эмас, юрак қони билан битилган ўлмас мисралари учун элу юрт ҳурматига сазовор бўлган эди. 

Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк.
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса, Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар!

Шоиранинг бу сатрларини ўқиган одам Ватан муқаддас экани, керак бўлса унга жонини беришга тайёр фидолар кераклигини англабгина қолмай, юрагида бир чўғ аланга олади. Бу – Ватанга муҳаббатдир.

Н. Абдураимова, ЎзА
5 574