ЎзА Ўзбек

01.08.2018 15:20 Чоп этиш версияси

Аскарлар Қарши шаҳри бўйлаб саёҳат қилди​

Аскарлар Қарши шаҳри бўйлаб саёҳат қилди​ Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли Қашқадарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган бир гуруҳ аскарлар Қарши шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди.

3 (1).jpg

Ҳарбий хизматчиларни кўнгилочар тадбирларга жалб қилиш, уларнинг дам олиш кунларини мазмунли ўтказиш, шунингдек, юртимизнинг бой тарихидан дарак берувчи муқаддас қадамжолар ҳақидаги билимини бойитиш мақсадида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Тадбирлар доирасида ҳарбий хизматчилар Қашқадарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган хиёбон, Амир Темур кўприги, “Соҳил” ва “АСИ” истироҳат боғлари ҳамда Қарши шаҳридаги бошқа тарихий обидаларни томоша қилди.

2 (1).jpg

– Ҳарбийларнинг билимини бойитиш ва маънавиятини янада юксалтиришга хизмат қилувчи бундай тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскар Умиджон Йўлдошев. – Бу ерда хизмат қилаётган аскарларнинг деярли барчаси бошқа вилоятлардан. Ҳарбий хизматни ўташ билан бирга, ўша ҳудуднинг тарихи, диққатга сазовор жойлари билан ҳам танишиб борамиз. Масалан, музейга саёҳатимиз менда катта таассурот қолдирди. Барча экспонатлар қизиқарли. Қашқадарё вилояти тарихига оид кўплаб маълумотларга эга бўлдим.

4 (1).jpg

Тадбир давомида муддатли ҳарбий хизматчиларга Қарши шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш маркази клубида “Мен хизмат қилган ўлка” номли фильм намойиш этилди.

6.jpg





Ў.БАРОТОВ, ЎзА​
7 945