Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.01.2018 13:23 Чоп этиш версияси

Аскар оналарига ҳокимлик ва жамоат ташкилотларининг эсдалик совғалари топширилди

Аскар оналарига ҳокимлик ва жамоат ташкилотларининг эсдалик совғалари топширилди
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда бошқа қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида “Аскар оналарини шарафлаймиз!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган тадбирга миллий армиямиз сафларида йигитлик бурчини ўтаётган аскарларнинг оналари, Шарқий ҳарбий округига қарашли қисмларда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар таклиф этилди. 



– Тинчлик-осойишталигимиз барқарорлигини Қуролли Кучларимизсиз тасаввур қилиб бўлмайди, – дейди Наманган вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова. – Шунинг учун унинг сафларида хизмат қилаётган йигитларимизни, уларни дунёга келтирган, эл корига ярайдиган инсон этиб тарбиялаган ота-оналарини ҳар қанча шарафласак, оз. Бугун миллий армиямиз том маънодаги ватанпарварлик мактабига, унинг сафларида хизмат қилиш эса ҳар бир йигитнинг эзгу мақсади, шараф ва ифтихорига айланган.

Тадбирда аскар оналарига вилоят ҳокимлиги ва жамоат ташкилотларининг гулдасталари ва эсдалик совғалари топширилди. 



– Фарзанди ортидан раҳмат эшитиш, иззат-икром кўриш ота-она учун улкан бахт эканини яна бир бор ҳис этдим, – дейди ўғли Сурхондарёда ҳарбий хизматни ўтаётган Гавҳарой Исматуллаева. – Мен барча оналарга шундай бахтни тилайман. Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин. 



– Ҳозир бу ерда аскар оналарига кўрсатилаётган эҳтиромни кўриб, онажонимни соғиниб кетдим, – дейди хоразмлик Ҳаёт Отабоев. – Армия йигит кишига кўп нарса ўргатар экан: Ватанни, тинчликни, ота-онани қадрлаш, шу неъматларга муносиб бўлиш. Менга шу бахт насиб этганидан бахтиёрман.

Ҳарбий оркестр, вилоят санъаткорлари ва ёш истеъдодлар ижросидаги концерт дастури тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
2 688